Ўзбекистон | 17:40 / 03.08.2021
2025
4 дақиқада ўқилади

Оролбўйи минтақаси экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантирилади

Фото: KUN.UZ

Президент 29 июль куни «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги ‘Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида’ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида» қарор имзолади.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеясининг 18 майдаги 75-сессиясида «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюцияси қабул қилинган.

Унга кўра, Оролбўйи минтақасида қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:

а) сиёсий-ҳуқуқий инновациялар орқали таркибий ва трансформацион ўзгаришлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда институционал базани ривожлантириш, шу жумладан:

  • Нукус шаҳрида Ёш олимлар академиясини ҳамда ёш олимлар, стартап лойиҳалар эгалари, тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ёшлар технопаркини ташкил этиш;
  • Оролбўйи халқаро инновация маркази ҳузурида ўсимликлар уруғлари генбанки билан таъминланган лаборатория, бизнес-акселератор ўқув маркази очилишини таъминлаш;

б) Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни рақамлаштириш ва инновацион ёндашувларни амалга ошириш, шу жумладан:

  • йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг электрон хариталаш ва маълумотлар базаси яратилишини таъминлаш;
  • чиқиндиларни қайта ишлаш, полигонларни рекултивация қилиш ва экологик тоза энергия ишлаб чиқарилишини таъминлаш;

в) ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг инновацион технологиялари ҳамда механизмларини жорий қилиш, шу жумладан:

  • шахсларнинг юзи бўйича аниқлаш технологиясини жорий этиш;
  • қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиб автоном ичимлик шўр сувни тузсизлантириш технологиясини ишлаб чиқишни таъминлаш;

г) иқтисодий ва молиявий инновацион механизмлардан кенг фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларида ресурсларни тежовчи, «яшил» ва циркуляр (чиқиндисиз, регенератив ва самарали) замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ қилиш, шу жумладан:

  • Қорақалпоғистонда 2,5 минг гектар майдонда пахта, ғалла, кунжут, маккажўхори ва чорва озуқаси экинларини суғоришда ёмғирлатиб суғориш тизимини жорий этиш;
  • синов лабораторияларини модернизация қилиш (озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, электротехника, енгил саноат) ҳамда намуналарни лабораторияга етказиш бўйича логистика хизматини йўлга қўйиш;

д) илм-фанни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, интеллектуал мулк объектларининг яратилиши ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда илмий-инновацион ишланмаларни жорий қилишда маҳаллий ва халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан:

  • Қорақалпоғистон экологик харитасини яратиш ва шу асосида экотуризмни самарали ташкил этиш механизмини ишлаб чиқиш;
  • шўрланган тупроқлар балл бонитетини аниқлаш мақсадида олий таълим муассасалараро комплекс биокимёвий таҳлил марказини ташкил этиш;

е) халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш;

ж) инновацион лойиҳаларни молиялаштиришнинг ички манбаларини шакллантириш ва мувофиқлаштириш.

Қайд этилишича, қуйидагилар тасдиқланди:

  • махсус резолюцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш «Йўл харитаси»;
  • махсус резолюциясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича устувор инновацион лойиҳалар рўйхати;
  • махсус резолюциясини амалга ошириш бўйича Идоралараро комиссия таркиби;
  • «Йўл харитаси» ва инновацион лойиҳаларда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш, мониторинги ҳамда назоратини амалга ошириш учун идоралараро ишчи гуруҳлари таркиблари.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Траст фонди Оролбўйи бўйича 6 млн долларлик 3 та лойиҳа молиялаштирилиши ҳақида хабар қилинганди. Бироз аввал эса 2020 йилда Оролбўйи минтақасидаги экологик тадбирлар учун 44,1 млрд сўм сарфлангани маълум бўлганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид