Жаҳон | 22:11 / 03.08.2021
9670
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Кореяда озиқ-овқат етишмовчилиги ортида уруш ҳолатига сақланган гуруч ишлатила бошланди

Фото: AP Photo/Jon Chol Jin

Шимолий Кореяда иссиқ ҳаво ва қурғоқчилик сабабли чорва ҳамда гуруч ва макка ҳосили нобуд бўлгани ортида уруш ҳолатига сақланган гуруч захиралари ишлатила бошланди. Бу ҳақда Жанубий Корея разведкасига таяниб Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Таъкидланишича, Шимолий Кореяда 26 млнлик аҳолини егулик билан таъминлаш учун йилига 5,5 млн тоннага яқин озиқ-овқат талаб этилади. Ҳозирда эса юзага келган инқироз сабабли тахминан 1 млн тонна озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилмоқда.

Ҳукумат кам таъминланган фуқаролар, ишчилар ва қишлоқ корхоналарига уруш ҳолатига захиралаб қўйилган гуручдан етказиб бермоқда. Мамлакатда гуруч нархи йил бошидан бери 2 марта ошган. Таъкидланишича, июл ойида нарх-наво бироз барқарорлашган, бироқ кейин яна ўса бошлаган.

Ахборот агентлигининг маълум қилишича, Шимолий Кореяда озиқ-овқат етишмовчилигига Хитой билан чегара ёпилгани ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. 2020 йилда Хитой ва Шимолий Корея ўртасидаги савдо ҳажми пандемия сабабли 80 фоизга камайиб кетган.

Мутахассисларнинг фикрича, Шимолий Кореяда озиқ-овқат билан муаммо кузги ҳосилгача сақланиб қолади. Уларнинг таъкидлашича, мамлакатга кенг кўламли очарчилик хавф солиши даргумон. Чунки гуманитар фалокат юз берса, Шимолий Кореядан қочқинлар оқиб келишидан хавотирланаётган Хитой бунга йўл қўймайди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид