Жамият | 16:24 / 03.08.2021
13394
4 дақиқада ўқилади

Тошлоқнинг тотли тарвузлари қандай етиштирилади: ёш деҳқон тажрибаси билан ўртоқлашди

Қовун ё тарвузни пайкал ичига кириб узиб олиб чиқишнинг гашти бошқача. Дала бўйлаб иси таралиб турган тарвузпояга кириб, ўша ернинг ўзида ёз неъматидан татиб кўришга нима етсин.

Фарғона вилояти, Тошлоқ тумани, Учолиш қишлоғи далаларида етиштирилаётган тарвузларнинг мазаси бошқача. Ёш деҳқон Абдулазиз Латиповнинг пайкалида тарвузлар айни пишган пайт. Узилган полиз маҳсулотлари машинага ортилаётган экан.

Абдулазиз бир неча йиллардан буён тарвуз экиб келади. Тарвуз экиш сир-асрорларини ўзлаштираётган ёш деҳқонлардан.

«Тарвуз экишни болаликдан орзу қилганман»

«Ёшлигимизда уйимиз ёнгинасида бозор бўларди. Отам билан бирга чиқиб тарвуз танлар эдик. Ўшанда «улғайсам тарвуз етиштираман», деб ният қилган эдим. Ниятимга етиб деҳқон бўлиб кетдик.

5-6 йилдан буён шуғулланиб келаётганимиз тарвуз экиш жараёни ҳақида гапирадиган бўлсам, биз уни бошқалар каби уруғидан экмаганмиз. Алоҳида жойга уруғ қадаб, кўчат ундириб, сўнг бу ерга ўтқазганмиз. Албатта, ерга ишлов бериш керак, техника ишлатасиз. Тарвуз парваришининг ўзига яраша қийинчилик томонлари ва сарф-харажати бор.

Тарвузлар пишиб узаётган вақтингизда қилган машаққатларингиз бир зумда чиқиб кетади. Узгани келиб, ғарқ пишган тарвузлардан қувонган одамларни кўриб бошқача қувват оласиз. Буни таърифлаш қийин.

Тарвузни март ойи охирида плёнка остига экканмиз. Тарвузларни қанча вақтли ерга қадасангиз шунча тез ҳосилга киради.

Биз эккан тарвуз нави «союз» деб номланади. Тарвузнинг «астрахон», «антон» навлари тобора йўқолиб кетяпти. Агар еримиз кўп бўлганида ҳар хил тарвуз навларини кўпайтириб, хилма-хилликни ошириб борар эдик. Ер қанча кўп бўлса меҳнат қилишга иштиёқ ва ғайратимиз ҳам ортади.

Тарвузлар одатда эрта тонгда узилади. Сабаби тарвузлар тундан тонггача анча совийди. Мева кун-чиқар чиқмас узилса, табиийлик ҳолатини ўзида сақлаб қолади.

Тарвуз танлашда нималарга эътибор бериш керак?

Ҳар ким тарвузни ҳар хил танлайди. Кимдир қўлида сиқиб кўради, кимдир чертиб кўради, яна кимлардир эса оғир-енгиллигига қарайди.

Пишган ва мазали тарвуз қандай танланади деганда, бир нарсага эътибор қаратиш керак. Тарвузнинг тўни ёйилган бўлса мазали тарвуз деяверинг. Тўни силлиқлашиб ёйилган тарвуз олиш керак.

Тарвуз танлашда яна бир ҳолатга эътибор бериш керак. Банди пружинага ўхшаб чўзилган тарвуз ўта мазали чиқади.

«4 гектар ерда 7 киши тарвуз парвариши билан банд»

1 гектар ердан ўртача 70 тонна тарвуз йиғиб оламиз. Қилаётган ишингизга меҳр берсангиз — мўл ҳосил оласиз.

1 гектар ерга 7,5–8 минг дона кўчат экамиз. Умумий ҳисобда 1 гектар ерда парвариш қилинган тарвуздан 70–80 миллион сўм даромад қиламиз. Булар ўз-ўзидан бўлмайди, албатта. Барчаси машаққатли меҳнат ортидан бўлади.

4 гектар ерда ҳозир 7 киши тарвуз парвариши билан банд. Узиш пайтида ҳашарчилар чақирамиз. Ёзни оиламиз билан тарвуз пайкалида ўтказяпмиз.

Далада энергия оладиган вақт бўлади. Тонг саҳарда тарвузга шам тушган пайтда уни узиб есанг — барча машаққатларинг чиқиб кетади. Харидор далага келиб ғарқ пишган тарвузларни кўриб севинса, унга қўшилиб деҳқон бир қоп семиради. Бозорга тарвузларни олиб борсанг, харидорлар тарвузинг атрофини ўраб олса, бу ҳам деҳқон учун улкан бахт», — дейди ёш деҳқон Абдулазиз Латипов.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид