Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХВЖ жаҳон иқтисодиётини тиклаш учун 650 миллиард доллар ажратилишини маъқуллади
Халқаро валюта жамғармаси коронавирус пандемиясидан кейин жаҳон иқтисодиётини тиклаш учун ўз захираларидан 650 млрд доллар ажратилишини маъқуллади.
ХВЖ бу мақсадда рекорд қийматдаги 456 млрд SDR (ХВЖнинг тўлов бирлиги), яъни 650 млрд доллар ажратади. Ушбу маблағлардан 275 млрд доллари бозори шаклланаётган ва ривожланаётган давлатларга йўналтирилади.
“Бу тарихий қарор - ХВЖ тарихида SDR’нинг энг йирик тақсимланиши ва мисли кўрилмаган инқироз вақтида жаҳон иқтисодиёти учун эмдоридир. SDR’нинг тақсимланиши ХВЖга аъзо барча давлатлар манфаатига хизмат қилади”, деб айтган жамғарма раҳбари Кристалина Георгиева.
Маблағларни ажратиш қарори 23 августда кучга киради. Улар ХВЖга аъзо давлатларга квоталарга мутаносиб равишда ўтказилади.
Георгиеванинг таъкидлашича, ХВЖ бой давлатларни ўз SDR’ларини ночор давлатлар фойдасига йўналтиришга кўндиришга уриниб кўради.
Жамғарма жаҳон иқтисодиёти жорий йилда 6 фоизга, 2022 йилда эса 4,9 фоизга ўсишини кутмоқда.
SDR (инг . Special Drawing Rights) – ХВЖнинг ҳисоб-китоб бирлиги бўлиб, унга аъзо давлатларнинг квотасига мутаносиб равишда тақсимланадиган, халқаро ҳисоб-китобларда ишлатилувчи халқаро захира актив. Бирор мамлакат, агар зарурият туғилса, ўзига тегишли SDR’ни бошқа валютага алшмаштириши, гаровга қўйиши, swap битимларда ишлатиши, у орқали қарзларини қайтариши мумкин.
Ўзбекистоннинг ХВЖда бугунги кундаги квота улиши 0,12 фоизга тенг. Бу дегани тахминан 780 млн доллар (650 млрд.нинг 0,12 фоизи) Ўзбекистонга тақсимланишини англатади.
Маълумот учун, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи жорий йил бошига нисбатан 1 фоизга ёки 310,6 млн долларга ошди ва 34,2 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида давлат ташқи қарзи 156,7 млн долларга камайиб, асосий қарз тўловлари амалга оширилиши ва курслар ўзгариши ҳисобига 21,2 млрд долларни ташкил қилган. Хусусий ташқи қарз эса 467,3 млн долларга ошиб, ушбу ўсиш асосан банклар ҳиссасига тўғри келган.
2021 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 33,8 млрд долларни, 2020 йил 1 январ ҳолатига кўра эса 24,6 млрд долларни ташкил қилган.
Давлат ташқи қарзининг асосий қисми Осиё тараққиёт банки (5 млрд доллар), Жаҳон банки (3,8 млрд доллар) ва Ислом тараққиёт банки (0,9 млрд доллар) ҳиссасига тўғри келади.
Мавзуга оид
21:14 / 05.06.2023
Халқаро валюта жамғармаси раҳбари Ўзбекистонга келади
12:54 / 29.04.2023
ХВЖ: Россия иқтисодиёти ғарб санкцияларига кутилганидан кўра чидамлироқ бўлиб чиқди
09:29 / 12.04.2023
ХВЖ глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнозини пасайтирди
08:19 / 01.04.2023