Ўзбекистон | 16:49 / 04.08.2021
1637
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида тест синовлари бўлиб ўтадиган 5-14 август кунларида абитуриентлар учун махсус автобус қатновлари ташкил этилади

Самарқанд вилоятида тест синовлари бўлиб ўтадиган 5-14 август кунларида абитуриентлар учун махсус автобус қатновлари ташкил этилади. Қатновлар вилоятнинг барча туманларини қамраб олади. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 5-14 август кунлари тест синовлари бўлиб ўтадиган Самарқанд шаҳри, Жомбой ва Самарқанд туманларида жойлашган манзилларга абитуриентларни етказиш учун алоҳида йўналишлар ташкил қилинади.

Қайд этилишича, ушбу йўналишларда махсус автобуслар эрталаб соат 4:30дан 6:00гача, куннинг иккинчи ярмида кеч соат 21:00дан 22:00гача (имтиҳон бўлиб ўтадиган ҳудуддан биринчи манзилгача) ҳаракатланади. Ушбу автобуслардан фақатгина абитуриентлар фойдаланиши мумкин.

Махсус автобуслар:

  • Иштихон, Қўшработ, Пайариқ, Оқдарё туманларидан келиб имтиҳон топширувчи абитуриентлар учун Мотрид ва Даҳбед қўрғони туташган ҳудудда (халқ тилида Мотрид кругида);
  • Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон тумани ва шаҳри ҳамда Паст Дарғом туманидан келувчи абитуриентлар учун Паст Дарғом тумани, Балхиён маҳалласи ҳудудидаги собиқ Чархин ЙПХ масканида;
  • Ургут, Тойлоқ туманларидан келиб имтиҳон топширувчилар учун Самарқанд тумани, Чумчуқли қишлоғи (М-39 Тойлоқ айланма кругида);
  • Булунғур, Жомбой туманларидан келувчи абитуриентлар учун Чўпонота массивидаги собиқ ЙПХ Штаб масканида;
  • Нуробод ва Самарқанд туманларидан келувчи абитуриентлар учун Парранда фабрикаси яқинидаги айланма кругида ташкиллаштирилади.

Таъкидланишича, ҳар бир махсус автобус қайси йўналиш бўйича ҳаракатланиши ҳақида йўл кўрсаткич билан таъминланади. Автобусларнинг санитария қоидаларига риоя қилиши, йўловчилар сони вилоят транспорт бошқармаси масъул ходимлари ҳамда инспекторлари томонидан назорат қилинади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид