Жаҳон | 17:01 / 04.08.2021
26680
8 дақиқада ўқилади

«Толибон»ни қўллаб-қувватлаш орқали баъзи давлатлар ўзлари учун «Франкенштейн»га эга бўлишади» — Афғонистон ТИВ раҳбари

Афғонистон ТИВ раҳбари Муҳаммад Ҳаниф Атмар Афғонистондаги вазиятни фуқаролик уруши эмас, балки минтақа ва халқаро терроризм уруши сифатида талқин қилиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, расмий Кобул «Толибон»ни ҳукуматга қабул қилишга ва улар билан тинчлик ўрнатишга тайёрлигини билдирди.

Фото: РИА Новости/РФ ТИВ матбуот хизмати

АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқиб кетилиши ортидан Афғонистонда бўлаётган воқеалар юзасидан мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар «Известия» нашрига интервью берди.

— Америка қўшинлари олиб чиқилиши ортидан охирги вақтларда Афғонистондаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Ушбу ҳолатни фуқаролар уруши деб талқин қилиш мумкинми?

— Йўқ, бу фуқаролар уруши эмас. Бу ҳеч қачон бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Мамлакатдаги ҳолат нафақат Афғонистон толиблари, балки Марказий Осиё, Хитой, Покистон ва «Ал-Қоида»нинг одамларини бирлаштирган халқаро террорчилар тармоғи бошлаган уруш. Уларнинг иштироки фуқаролар уруши тушунчасидан Афғонистон ва минтақа билан халқаро терроризм урушигача бўлган воқеаларнинг характеристикасини ўзгартиради.

Бир томондан, биз чет элликларнинг мамлакатдаги урушда иштирокини кўрамиз, бошқа томондан, уларнинг мақсади Афғонистон билан чегараланмайди. Мамлакатимиздаги ҳолат бутун минтақа ва халқаро ҳамжамиятга таҳдид солади. Шу сабабларга кўра, 2002 йил бошида АҚШ, НАТО, Хитой, Россия иштирокида имзоланган халқаро консенсус асосида бутун дунё халқаро терроризмга қарши курашда Афғонистонни қўллаб-қувватлашга қарор қилганди. Улар буни қилишди, чунки уларнинг манфаатлари ҳам жиддий равишда бузилган эди. Мен яна бир бор такрорлайман: бу ерда ҳеч қачон фуқаролар уруши бўлмаган, келажакда ҳам бўлмайди.

— Ҳозирда ташқи ўйинчиларнинг Афғонистондаги вазиятга жалб этилиши президент Ашраф Ғани ҳукумати учун мақбул йўлми?

— Буни тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Биз тарихимизнинг энг қийин даврларидан бирини бошдан кечирмоқдамиз, бизнинг миллий манфаатларимиз, айниқса хавфсизлик соҳасида, бутун минтақа хавфсизлиги ва халқаро ҳамжамият манфаатлари билан бир хил. Бизнинг барқарорлигимиз, хавфсизлигимиз ва фаровонлигимизга терроризм, гиёҳвандлик ва уюшган жиноятчилик таҳдид солмоқда. Бу фақат Афғонистон учун таҳдид эмас. Шунинг учун, биринчи навбатда, ҳаммамиз умумий таҳдидга дуч келмоқдамиз ва бу таҳдидни енгиш учун умумий стратегияга эга бўлишимиз ва умумий масъулиятни бўлишишимиз керак. Шунинг учун биз барча халқларни Афғонистон билан биргаликда курашишга чақирамиз.

Қўрқоқларча террорчилар билан ишлайдиган ва террор ташкилотларини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар бор, бу бизнинг ташвишимизни келтириб чиқармоқда. Биз ҳар доим бундай «шерик»ларга айтиб келганмизки, бу каби йиртқич ҳайвонни парваришлаш охир-оқибат ўз хўжайинига қарши бўладиган «Франкенштейн»ни юзага келтиради. Терроризмни бошқа мамлакатга қарши ишлатиш вақти келиб бундай «шериклар»нинг ўзларига таҳдид солади.

Афғонистон умумий манфаатларга эга бўлган барча мамлакатларга ҳамкорлик таклиф қилади. Биз бу ҳамкорликни нафақат АҚШга, балки биз учун яхши ва ишончли шерик бўлган бошқа давлатларга ҳам таклиф қиламиз. Хитой, Марказий Осиё давлатлари, Ҳиндистон билан бирга ишлаймиз. Эрон билан мустаҳкам алоқаларимиз ва Саудия Арабистони билан яхши муносабатларимиз бор. Шу билан бирга, Покистон билан муносабатлар яхшиланишига умид қиламиз.

Афғонистон қарама-қаршилик ва рақобат жойи эмас, балки ҳамкорлик маконига айланиши керак.

«Толибон» вакиллари Афғонистон ҳукумати билан музокаралар чоғида
Фото: REUTERS/Ibraheem al Omari

— Туркиянинг Вашингтон билан келишилган, аммо Ашраф Ғани маъмурияти билан маслаҳатлашмасдан, Кобул аэропортини қўриқлаш ташаббусига қандай қарайсиз?

— Туркия Кобулдаги аэропорт хавфсизлигини таъминламоқчи эмас. Улар ҳаво ҳаракати, алоқа, ёнғин хавфсизлиги соҳасида хизматлар кўрсатади. Реал хавфсизлик Афғонистон ҳукумати томонидан таъминланади.

Иккинчидан, Туркия бу масалада биринчи бўлиб Афғонистон ҳукумати билан келишувга эришди. Шундан кейингина бу мавзу НАТО ва АҚШ билан муҳокама қилинди.

— Кўп мамлакатлар, шу жумладан Россия ҳам, «Толибон»ни Афғонистоннинг сиёсий ҳаётига жалб қилиш сиёсатини қўллаб-қувватламоқда. Масалан, ҳаракат иштирокидаги инклюзив ўтиш даври ҳукумати ғоясини олайлик. Бошқа давлатларнинг бундай хатти-ҳаракатларини қандай изоҳлайсиз?

— Сизнинг саволингизда бир неча ўлчовлар мавжуд. Биринчидан, Афғонистон ҳукумати «Толибон»ни ҳокимият тақсимотига қўшишга ва биргаликда ишлашга тайёрми? Жавоб — ҳа. Биз толиблар билан бирга ишлашга, уларни ҳукуматга олишга, улар билан сулҳ тузишга ва ҳокимиятни бўлишишга тайёрмиз.

Бунинг учун кўп нарсаларни талаб қилмаймиз, аслида битта нарса бор — мамлакат ичида Афғонистон келажаги афғон халқининг хоҳиш-иродаси билан ҳал қилиниши керак ва ташқи чегараларда Афғонистон ҳар қандай бошқа мамлакатга хавф туғдирмаслиги керак.

Илгари «Толибон» «Ал –Қоида» ва Усама бин Ладен билан яқиндан ишлаган ва бу америкаликларнинг уларга ҳужум қилишига сабаб бўлди. Россияда ҳам «Толибон» билан жиддий муаммолар бор эди, бунга Чеченистонда нима бўлганини эслашнинг ўзи кифоя.

Энди биз баъзи давлатларга, шерикларимизга, «Толибон»га нисбатан жуда эҳтиёт бўлишимиз кераклигини айтяпмиз. Улар илгари террорчилар билан ишлаган ва келажакда ҳам уларнинг бундай қилмаслигига ҳеч қандай асос йўқ. «Толибон» бошчилигидаги Афғонистон халқаро террорчилар учун бошпана ва унинг атрофидаги давлатларга таҳдид бўлмайди деб ўйлаш катта хато бўлади.

Шунинг учун биз бошқа давлатлардан террорчиларни тарбияламайдиган ва гиёҳванд моддалар савдосини ёқтирмайдиган Афғонистон Ислом Республикаси билан ҳамкорлик қилишни сўраймиз.

Фото: TASS/EPA

— АҚШ ҳарбий контингентининг узоқ вақт мамлакатингизда бўлиши қанақадир ижобий ўзгаришларга олиб келдими?

— Гап фақат АҚШ ҳақида эмас. Бу халқаро ҳаракат эди. Ўтган йигирма йил ичида 70 га яқин давлат ва халқаро ташкилотлар Афғонистонга ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Албатта, ҳаракатларнинг катта қисми АҚШга тўғри келади.

Улар нимага олиб келди? Ростини айтсам, бир вақтлар толиблар томонидан бутунлай вайрон қилинган полиция, армия, давлат бошқаруви ва ижтимоий хизматлар тўла тикланди. Солиштириш учун, «Толибон» ҳукуматининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги бюджети йилига қарийб 1 миллион долларни ташкил этади, бу Афғонистондаги бу соҳада ишлайдиган ҳар қандай кичик ННТ бюджетидан ҳам кам.

Охирги 20 йил бутун тарихимиздаги энг демократик йил бўлди. Кўп одамлар мамлакат ҳаётининг турли жабҳаларида фаол қатнаша бошладилар — эркаклар ҳам, аёллар ҳам. Бу 20 йил ичида эришган энг катта ютуғимиз.

— Ўтган ҳафта АҚШ жорий йилнинг охиригача Ироқдаги жанговар миссиясини якунлашини эълон қилди. Бу бутун минтақадаги вазиятга қандай таъсир қилиши мумкин?

— Минтақа ҳар доим террор ва уюшган халқаро жиноятчилик таъсирида бўлган. Бу ҳолатга Афғонистон, Покистон, Сурия ва Ироқдаги вазиятларни ҳам мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Террорчи ташкилотларни мағлуб этиш учун минтақа давлатлари биргаликда ҳаракат қилишлари керак ва бунинг фақат АҚШга боғлиқ бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу йўлда Афғонистон бошқаларга ишончли шерик бўла олади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид