Жаҳон | 09:20 / 05.08.2021
6755
2 дақиқада ўқилади

Афғонистон билан чегарада Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг қўшма машғулотлари бошланди 

Фото: Global Look Press

Тожикистоннинг Хатлон вилоятида Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг 2,5 мингдан кўпроқ ҳарбийси иштирокида қўшма машғулотлар бошланди. Машғулотларнинг очилиш маросими Афғонистон чегарасидан 20 км узоқликда жойлашган “Ҳарб-майдон” полигонида бўлиб ўтди. Машғулотлар 10 августгача қадар давом этади.

Маросимда Ўзбекистондан қуролли кучлар бош штаби бошлиғи ўринбосари полковник Фаррух Зиябоев, Тожикистондан мудофаа вазири ўринбосари генерал-майор Абдуҳошим Ғуломзода ва Россиядан Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари генерал-лейтенант Евгений Поплавской иштирок этди.   

“Замонавий дунёда ҳарбий таҳдидлар тобора кўпайиб бормоқда, вазият тобора кескин ва олдиндан айтиб бўлмас кўриниш олмоқда. Қўшма машғулотларни ўтказиш орқали тўпланган жанговар тажрибани текширамиз, қўшинларни қўллашнинг оптимал шаклларини синовдан ўтказамиз ва ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда умумий ёндашувларни ишлаб чиқамиз”, деб айтган Россия вакили.

Машғулотларда, шунингдек, 500 га яқин қурол ва ҳарбий техника бирлиги қўлланади.

Таъкидланишича, машғулотларнинг асосий босқичида танклар, қўлбола дронлар, зирҳли автомобиллар, худкушлар, “жиҳод-мобиллар”ни имитация қилувчи нишонлар қўлланади. Машғулотлар ўтувчи майдонларда ҳаммаси бўлиб мингга яқин шундай нишон ўрнатилади.

Машғулотлар Афғонистонда вазият кескинлашгани билан боғлиқ ҳолда ўтказилмоқда. Мамлакатдан АҚШ ва НАТО қўшинлари олиб чиқилиши ортида “Толибон” ҳаракати фаоллашуви кузатилмоқда. Толиблар май ойидан бери ҳукумат қўшинларига қарши жанглар олиб бормоқда. ОАВ маълумотларига кўра, ҳозирда улар Афғонистоннинг 100 дан кўпроқ туманини назорат қилмоқда.

Ҳозирда Сурхондарё вилоятининг “Термиз” полигонида Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари иштирокида машғулотлар бормоқда. 10 августга қадар давом этадиган машғулотларга 1,5 мингга яқин ҳарбий жалб қилинган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид