Ўзбекистон | 20:22 / 05.08.2021
15804
8 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: Қайси ҳолатларда декларация тўлдириш керак?

Хорижга чиқишни режалаштирган фуқаро борки, декларация деган сўзга дуч келади. Божхона тизимида кенг қўлланадиган бу тушунча ҳақида айниқса чет мамлакатга тез-тез чиқиб турадиган фуқароларимиз тўлиқроқ маълумотга эга бўлишлари фойдадан холи эмас. Бу – билмаган ҳолда қонунбузарлик содир этиб қўйишнинг олдини олади.

Kun.uz ва Давлат божхона қўмитаси ҳамкорлигида тайёрланаётган «Божхона қоидалари» кўрсатувининг бугунги сонида божхона декларацияси ҳақида сўз боради. Мавзу юзасидан қўмита катта инспектори Мардон Собиров маълумот беради.

Божхона назорати мақсадлари учун зарур бўлган маълумотлар кўрсатилган ҳужжат божхона декларацияси ҳисобланади ва уч турга бўлинади:

1. Транспорт воситаси учун декларация – транспорт воситаси, унинг йўналиши, ташилаётган товарлар, экипаж ва йўловчилар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, тижорат мақсадларида фойдаланиладиган транспорт воситасининг келиши ёки кетиши тўғрисидаги ҳужжат;

2. Божхона юк декларацияси – декларант ёки божхона брокери томонидан божхона органига тақдим этиладиган ва муайян божхона режимига жойлаштириладиган товарлар ҳақидаги тўғри маълумотлар кўрсатилган ҳужжат;

3. Йўловчи божхона декларацияси – нотижорат мақсадлар учун мўлжалланган, декларацияланадиган товарларни ва транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтаётган жисмоний шахс томонидан тўлдириладиган ва божхона органига тақдим этиладиган ҳужжат.

Декларациялашнинг қандай усуллари бор?

Декларациялаш оғзаки, ёзма ҳамда электрон шаклда амалга оширилади. Жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошмайдиган товарларни декларациялашда оғзаки декларациялаш қўлланилади.

Йўловчи божхона декларациясидан фойдаланилган ҳолда, қуйидагилар ёзма декларацияланади:

  • жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги, қиймати ва миқдори қонунчиликда белгиланган божсиз олиб кириш нормаларидан ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларидан ошадиган товарлари;
  • жисмоний шахснинг яшаш жойи ўзгарганда унинг шахсий мол-мулки бўлган товарлар (автотранспорт воситалари мустасно);
  • чет эллик жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудида бўлиш даврига вақтинча олиб кирилаётган ёки Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари томонидан божхона ҳудудидан ташқарида бўлиш муддатига олиб чиқилаётган нотижорат мақсадлардаги транспорт воситалари;
  • Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси ва валюта бойликлари. Бунда, олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган миллий ва хорижий валюта миқдори 70 млн сўмдан ортиқ бўлмаса, йўловчи божхона декларацияси тўлдириш талаб этилмайди. Албатта, жисмоний шахснинг хоҳишига кўра, исталган қийматдаги нақд валюта маблағлари ҳам декларация қилиниши мумкин.
  • Электрон (ёзма) шаклда – божхона юк декларациясидан фойдаланилган ҳолда эса:
  • юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарлар (қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш ҳолатлари мустасно);
  • жисмоний шахсларнинг тижорат мақсадларидаги товарлари;
  • жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадлардаги транспорт воситалари (чет эллик жисмоний шахслар томонидан божхона ҳудудида бўлиш даврига вақтинча олиб кирилаётган ёки Ўзбекистон Республикасининг жисмоний шахслари томонидан божхона ҳудудидан ташқарида бўлиш муддатига олиб чиқилаётган нотижорат мақсадлардаги транспорт воситалари бундан мустасно);
  • жисмоний шахс кириб келишидан ёки чиқиб кетишидан олдин ёки кейин олиб кириладиган ёки олиб чиқиладиган, алоҳида кузатиб келинаётган багажда божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар электрон тарзда ёки ёзма декларацияланади.
  • Қуйидаги ҳолатларда товарнинг кузатув ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда божхона декларацияси тўлдирмасдан товарларни олиб чиқишга рухсат берилади:
  • юридик шахслар ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар томонидан қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваригача бўлган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш;
  • хориждаги кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган, 5 минг АҚШ долларигача бўлган эквивалентдаги товарларни олиб чиқишда;
  • жисмоний шахсларга умумий қиймати 5 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган товарларни олиб чиқишда.

Қуйидаги товарлар эса мустасно:

Эслатма: ушбу нормалар Ўзбекистон Республикаси халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтишда татбиқ этилмайди.

Таъкидлаш керак, божхона декларацияларини тўлдириш ёки тўлдирмаслик божсиз ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормаларига боғлиқ.

Божсиз ва акциз солиғи солинмайдиган товарларни олиб кириш нормалари нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 6 февралдаги «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3512-сонли қарорига мувофиқ, жисмоний шахс томонидан республикага олиб кириладиган, божхона тўловларига тортилмайдиган товарларнинг нормалари белгиланган.

Унга кўра, қуйидагилар божхона тўловларига тортилмайди:

  • халқаро аэропорт божхона чегаралари ўтказиш пунктлари орқали олиб ўтишда – 2 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган товарлар;
  • темир йўл ва дарё божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда – 1 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган товарлар;
  • автойўл (пиёда) божхона чегаралари ўтиш пунктлари орқали олиб ўтишда – 300 АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган товарлар;
  • халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун – бир чорак мобайнида 1 000 АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган товарлар;
  • халқаро почта жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига келаётган товарлар учун – 100 АҚШ доллари эквивалентидан ошмайдиган товарлар.

Мазкур қарорнинг 1-иловаси билан, республикага жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган божхона тўловларига тортилмайдиган айрим турдаги товарларнинг меъёрлари ҳам тасдиқланган:

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 июндаги 463-сон қарори иловаси билан жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишга доир меъёрлари белгиланган бўлиб, ушбу нормалар жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасининг ўтказиш пунктидан фақат биринчи марта ўтишида қўлланилади.

Божхона декларацияларини тўлдириш тартиби ҳақида

Божхона юк декларацияларини тўлдириш 2016 йил 6 апрелда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2773-сон билан рўйхатдан ўтган “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома талаблари асосида амалга оширилади.

Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш 2014 йил 5 августда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2606-сон билан рўйхатдан ўтган “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома талаблари асосида амалга оширилади.

Товарларни декларациялаш бўйича қандай имкониятлар яратилган?

Илгари божхона юк декларациялари фақатгина декларант ёки божхона брокерлари томонидан божхона органига тақдим этилиши мумкин эди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 14 апрелдаги ПФ-5414-сонли фармонига мувофиқ, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Бугунги кунда, Давлат божхона қўмитасининг customs.uz расмий веб сайтида ва my.gov.uz порталида товарларни электрон декларациялаш интерактив хизмати жорий этилган бўлиб, исталган ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ушбу интерактив хизматдан фойдаланган ҳолда, божхона юк декларациясини тўлдириш ва божхона органларига реал вақт режимида тақдим этиш имкониятига эга.

Шунингдек, олдинлари божхона чегараси орқали ҳаракатланадиган, 16 ёшга тўлган ҳар бир жисмоний шахс йўловчи божхона декларацияси тўлдириши мажбурий эди. 2018 йил 1 январдан бошлаб йўловчи божхона декларациялари фақатгина Божхона кодексининг 260-моддасида кўрсатилган, юқорида санаб ўтилган ҳолатлардагина тўлдирилади.

Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби ва бошқа масалалар бўйича 3 ҳафталик ўқув курслари ташкил этилган бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлар ушбу курсларда ўз билим ва малакаларини оширишлари мумкин.

Мавзуга оид