Жамият | 14:14 / 05.08.2021
6692
4 дақиқада ўқилади

Олий суд тадбиркорга ноҳақлик қилган Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарорини бекор қилди

Олий Суд Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2018 йилда чиқарган қарорини тадбиркор фойдасига бекор қилган. Бу ҳақда президент ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори Ж.Турсунов Kun.uz’га хабар берди 

Маълум қилинишича, 2016 йилда шаҳар ҳокимининг қарори асосида Самарқанд шаҳридаги «ФАЙЗ» МЧЖга (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) офис биноси қуриш учун 1 гектар ер майдони ажратиб берилган. Кейинчалик «ФАЙЗ» МЧЖ тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш мақсадида ўзига ажратилган ерда меҳмонхона биноси қуришни режалаштирган. Шу мақсадда барча рухсат берувчи ташкилотлардан ҳужжатлар тўпланиб, қурилиш ишлари амалга оширилган.
 
Шу орада, 2018 йил ноябрь ойида Самарқанд шаҳар ҳокими томонидан янги қарор қабул қилинган ва шундан сўнг тадбиркорнинг фаолиятида кўплаб муаммолар юзага келган. Ҳокимнинг қарори билан «ФАЙЗ» МЧЖ томонидан қурилган 4 қаватли меҳмонхона биноси ва у жойлашган ер майдони тадбиркорга қўшни бўлган лицейга доимий фойдаланишга бериб юборилган. Тадбиркор эса бу ҳақда умуман огоҳлантирилмаган.
 
Қайд этилишича «ФАЙЗ» МЧЖ 2020 йилда шаҳар кадастр идорасига ўзи томонидан қурилаётган меҳмонхона биносига кадастр паспортини тайёрлаб беришни сўраб мурожаат қилган. Шунда кадастр идораси ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги масъул ходимларининг хатоси туфайли тадбиркор томонидан қурилиш қилинган ер майдони лицейга бериб юборилганлиги маълум бўлган.

2020 йил май ойида кадастр корхонасининг Самарқанд шаҳар филиали томонидан Самарқанд шаҳар ҳокимлигига лицейга эгалик ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарорга ўзгартириш масаласини кўриб чиқишни сўраб хат киритилган. Бироқ шаҳар ҳокимлиги тадбиркор манфаатига зид равишда чиқарган ўз қарорини ўзгартиришни рад этган ва тадбиркорга ушбу масалада судга мурожаат қилиши мумкинлигини билдирган.

Шундан сўнг тадбкиркор ўз ҳуқуқларини тиклашни сўраб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган. Мурожаат асосида ўтказилган ўрганишлардан сўнг Бизнес-омбудсман маъмурий судга шикоят киритган. Ушбу шикоят Жомбой туман маъмурий судида кўриб чиқилган ва суд томонидан бир қанча асослар инобатга олинмасдан, аксинча маъмурий судга мурожаат қилиш муддати ўтказиб юборилгани важ қилиниб, шикоятни қаноатлантириш рад этилган. 

Биринчи инстанция судининг қарори устидан Самарқанд вилоят судига киритилган кассация шикояти вилоят маъмурий судининг 2021 йил февраль ойидаги қарори билан қаноатлантиришдан рад қилинган. Ушбу суд жараёнида Бизнес-омбудсман девони ходимлари ва тадбкиркорнинг биринчи инстанция суди томонидан нотўғри қарор чиқарилгани бўйича келтирган важлари инобатга олинмаган. Ҳар иккала судда Олий суд Пленумининг қарорига зид равишда тадбиркор карантин пайтида судга мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юборган деган хулосага келинган. 
 
Таъкидланишича, Бизнес-омбудсман мазкур суд қарорлари устидан Олий судга шикоят киритган. Олий суднинг 2021 йил 12 июлдаги қарори билан Жомбой туман маъмурий суди ва Самарқанд вилоят маъмурий судининг қарорлари бекор қилиниб, иш юзасидан янги қарор қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ Самарқанд шаҳар ҳокимининг «ФАЙЗ» МЧЖ манфаатига зид равишда чиқарилган қарори қисман ҳақиқий эмас деб топилган. Ҳокимлик ҳамда кадастр идораси зиммасига тадбиркор фойдасига бир қатор вазифаларни бажариш юзасидан мажбуриятлар юклатилган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид