Ижтимоий фикр: Сўровнома қатнашчиларининг ярми эмланишга тайёр, 36 фоизи эса эмланишдан бош тортмоқда
«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўзбекистонликларнинг COVID-19’га қарши эмланиш борасидаги фикрлари юзасидан социологик тадқиқот ўтказилди. Сўровда барча ҳудудлардаги эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар ва катта ёшдагилар, шаҳар ва қишлоқ жойларида яшовчи фуқаролар иштирок этган. Лекин марказ сўровда қанча респондент иштирок этганини очиқламаган.
Маълум қилинишича, телефон орқали ўтказилган сўров мамлакат фуқароларининг 53,2 фоизи коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрлигини кўрсатган. Сўралганларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи - 36,5 фоизи эмланишдан бош тортмоқда. Сўровнинг ҳар ўнинчи иштирокчиси эса жавоб беришга қийналишини айтган.
Шунингдек, сўров натижаларига кўра, эмланишга тайёрлик мамлакатнинг эркак аҳолиси орасида 17,4 фоизга юқори бўлиб, 60,7 фоизни ташкил этади. Аёллар орасида эмлашга тайёрлар ва COVID-19га қарши эмланишни истамайдиганлар фоизи тахминан бир хил: 43,3 фоиз киши эмлашни истайди, 45,2 фоизи истамайди.
Ёш кесими коронавирус инфекциясига қарши эмланишга тайёрликнинг энг юқори кўрсаткичи 45-54 ёшдаги фуқаролар орасида аниқланганини кўрсатди. Эмланиш борасида бир қарорга келмаган фуқароларнинг энг юқори даражаси 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар орасида аниқланди ва 28,4 фоизни ташкил қилди.
«Сиз қанча вақт ичида COVID-19га қарши эмланмоқчисиз?» деган саволга жавоб беришда 37,1 фоиз респондент келаётган ҳафтада эмланишга тайёрлигини билдиришди. 25,7 фоиз кишининг фикрига кўра, улар бир ой ичида эмланишни бошлашлари мумкин. Ҳар ўнинчи респондент (11,3 фоиз), поликлиникага чақирилган тақдирда эмланишга тайёрлигини билдирган. Фуқароларнинг кичик фоизи (1,6 фоизи) эмланишни узоқроқ муддатга кечиктиради. Ҳар бешинчи респондент эмланишга тайёр бўладиган вақт ҳақидаги саволга жавоб беришга қийналди.
Тадқиқотда фуқароларнинг эмланишдан бош тортиш сабаблари ҳам акс этган.
Маълум қилинишича, қатнашчиларнинг 35,9 фоизи вакцинанинг эҳтимолий ножўя таъсирларига дуч келмаслик учун эмланишни рад этган. 34,2 фоиз фуқаролар коронавирус инфекциясига қарши эмланишга зарурат кўришмаяпти ва COVID-19га чалиниши мумкинлигига ишонишмайди.
Яна 16 фоиз иштирокчилар вакцинанинг коронавирусдан самарали ҳимоя қилишига шубҳаланишини таъкидлаган ва 8,6 фоиз респондентлар эса эмланишни самарасиз, деб ҳисоблашини билдирган.
Шунингдек, тадқиқотда телефон орқали сўров ўтказиш вақтида эмланиш керакми ёки йўқлиги борасида аниқ позицияга эга бўлмаган гуруҳ ҳам аниқланган.
«Олинган тадқиқот натижалари жамиятда шаклланган эмланишга қарши стереотипларни бартараф этишга, аҳолининг кенг қатламларига маъқулланган ва мамлакатимизда қўлланилаётган COVID-19га қарши вакциналар ҳақида, улар таъминлайдиган ҳимоя даражаси ҳақида текширилган илмий маълумотларга асосланган ишончли ахборотни тақдим этишга қаратилган ахборот ишларини фаоллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда», – дейилади марказ ахборотида.
Мавзуга оид
21:15 / 24.08.2024
Еврокомиссия респиратор вируслар тарқалишига қарши вакцинани маъқуллади
15:22 / 31.08.2023
“Ўзбекистон аҳолисининг 74,1 фоизи ўз ҳаётидан жуда мамнун” — “Ижтимоий фикр”
15:05 / 21.02.2023
“Ўзбекистонликларни тинглаймиз” — Жаҳон банки навбатдаги сўров натижаларини эълон қилди
23:25 / 15.10.2022