Жаҳон | 09:20 / 06.08.2021
3207
1 дақиқада ўқилади

Сент-Винсент ва Гренадина бош вазирига норозилик намойиши вақтида жароҳат етказилди

Кариб денгизида жойлашган Сент-Винсент ва Гренадина давлати бош вазири Ральф Гонсалвесга пойтахт Кингстаунда коронавирусдан мажбурий эмлашга қарши ўтган намойиш вақтида жароҳат етказилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Гонсалвес машинасидан тушиб, парламент биноси олдини тўсиб олган намойишчилар олдидан ўтиб кетаётганда ҳужумга учраган.

Намойишчилардан бири томонидан улоқтирилган қаттиқ буюм бош вазир бошига теккан. Бунинг оқибатида Гонсалвес бошидан кучли қон оқиш билан шифохонага етказилган. Шунингдек, намойишчилардан бири ҳам шикастланган.

Таъкидланишича, ушбу ҳодисадан кейин Кингстаун кўчаларига махсус кучлар чиқарилган.

Ҳукумат шифокорлар тавсияларига кўра Гонсалвесни даволаниш учун Барбадосга юборишга қарор қилган.

Аҳоли мамлакат соғлиқни сақлаш қонунчилигига бир неча тоифадаги давлат хизматчиларини коронавирусдан мажбурий эмлашга қаратилган тузатмалар киритилишига қарши чиққан.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш