Жаҳон | 10:54 / 06.08.2021
6577
2 дақиқада ўқилади

ХОҚ Тимановская билан боғлиқ вазиятга алоқадор икки беларуслик мураббийни Олимпиададан четлатди

Халқаро Олимпия қўмитаси Беларусь терма жамоасининг енгил атлетикачи Кристина Тимановскаяни Токиодан Минскка мажбуран олиб чиқишга уринишга алоқадорликда гумон қилинаётган икки аъзосини Олимпиада аккредитациясидан маҳрум этди.

Гап Беларуснинг енгил атлетика бўйича терма жамоаси мураббийлари Юрий Моисевич ва Артур Шумак ҳақида бормоқда. Улардан Олимпия қишлоғини тарк этиш талаб қилинган ва улар бу талабни бажаришган. Бироқ ХОҚ уларга “Тимановская билан боғлиқ вазият бўйича ўз позицияларини айтишга имкон беради”. Reuters ахборот агентлиги маълумотларига кўра, улар Токиони тарк этишлари керак бўлади.

Токио Олимпиадаси иштирокчиси бўлган Кристина Тимановская беларуслик спорт амалдорларини танқид қилгандан кейин Токиодан Минскка мажбуран олиб кетилмоқчи бўлганини маълум қилган. Беларусь Миллий Олимпия қўмитасида спортчи “руҳий-эмоционал ҳолати” сабабли Олимпиададаги иштирокини тўхтатиши ва ортга қайтарилиши айтилган.

Тимановская аэропортда япон полициясига мурожаат қилган. Шундан кейин у полиция ҳимоясига олинган. Енгил атлетикачи ХОҚдан ушбу вазиятга аралашишни сўраган. У Беларусга қайтишдан қўрқаётгани ва Европа давлатларидан бирида бошпана сўрамоқчилигини айтган. Шундан кейин Польша Тимановскаяга бошпана беришга тайёрлигини билдирган. У 3 августда Токиодан Варшавага учиб кетган.

Айни вақтда ХОҚнинг интизом бўйича комиссияси спортчи билан юз берган ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид