Ўзбекистон | 16:54 / 07.08.2021
7183
5 дақиқада ўқилади

Суд қарори бўлса-да лавозимига тикланмаётган Сайхунобод молия бўлими собиқ мудири иши республика МИБ назоратига олингани маълум қилинди

Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани молия бўлими собиқ мудири Мавлон Шергазиевнинг ишга тикланиш масаласи Республика МИБ иш юритувига олинган, деб маълум қилди Мажбурий ижро бюроси бўлим бошлиғи Аҳрорбек Арзиев.

“Ҳақиқатан ҳам Мавлон Шергазиевни суд қарорига асосан Сайхунобод молия бўлими мудири ёки унга тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш белгиланган. Ўзбекистон Республикаси президентининг молия органларига ишга тиклаш тўғрисида махсус фармонлари бор. Фармон талабига кўра, молия органлари мудири лавозимига ишга тайинлаш тартиби бошқачароқ.

Яъни қандай? Ушбу лавозимга номзодни туман ҳокими тавсия этади, молия вазири бу таклифга розилик билдиради, шундан сўнг номзод тегишли ҳудудий кенгаш томонидан лавозимга тайинланади. Яъни туман молия бўлими бошлиғи халқ депутатлари туман/шаҳар кенгаши, вилоят молия бошқармаси бошлиғи халқ депутатлари вилоят кенгаши томонидан лавозимга тайинланади.

Мавлон Шергазиевнинг нима учун шу пайтгача Сайхунобод молия бўлими мудири лавозимига тайинламаётганига очиқлик киритиш мақсадида буларни айтиб ўтяпман. Мазкур масалани кўриб чиқиш ваколати туман кенгаши депутатларига берилган.

МИБнинг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ва Сайхунобод тумани бўлими ҳокимликка хат киритган. Албатта, суд қарорида ҳам Шергазиев туман молия бўлими мудири лавозимига ёки унга тенглаштирилган лавозимга тайинлансин деб белгилангани учун ҳокимлик томонидан бошқа лавозим тавсия этилган. Чунки туман молия бўлими бошлиғи лавозими айни пайтда банд ҳисобланади. Лекин Шергазиев туман молия бўлими бошлиқлиги ёки бошқа бир лавозим берилишини сўраган.

Шу йилнинг июнь ойида Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича республика кенгаши номидан бу масалани ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун Сирдарё вилояти ҳокимига йўлланма хат киритганмиз. Айни пайтда ушбу масала кўриб чиқиляпти. Шергазиевга туман молия бўлими мудирлиги ёки унга тенг бошқа лавозим тавсия этилади.

Бу масала Kun.uz’да ҳам ёритилган, бундан ҳам хабаримиз бор. Ҳозир раҳбаримиз кўрсатмасига асосан бу ижро ҳужжатини Республика МИБ иш юритувига олдик. Энди бу масала билан ўзимиз шуғулланамиз ва натижаси бўйича қўшимча ахборот берамиз”, – дея МИБ Фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳужжатларини ижро этиш бўлими бошлиғи Аҳрорбек Арзиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

 

МИБ ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро ҳуқуқий алоқалар бўлими бошлиғи Насимхон Бурҳонов ижро этилмаётган суд қарори тизимнинг камчилиги, давлат ижрочисининг камчилиги эканини таъкидлади.

Насимхон Бурҳонов

“Ҳақиқатда бундай ҳолатлар бор. Президентимизнинг ўтган йилги қарорларида шунга урғу бериб кетилди: суд қарорининг бажарилишига тўсқинлик қилиш ёки аралашганлик учун жиноий жавобгарлик жорий этиш тўғрисида қўшимча топшириқ берилди. Ҳозир қонун лойиҳасини ишлаб чиқяпмиз, яқин кунларда у Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

Агар суд қарори ижро этилмаётган бўлса, бу бизнинг камчилигимиз, давлат ижрочисининг камчилиги. Майли, ким аралашишган бўлса ҳам прокуратура органларининг суд қарорларининг бажарилишига тўсқинлик қилаётган ёки бажармаётган шахсларга нисбатан чора кўриш учун етарли инструментлар бор, улар қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Давлат ижрочиси суд қарори ижросини таъминламаётган бўлса ёки ҳаракатсизлик қилаётган бўлса, унинг масаласи кўриб чиқилади, бундан ташқари, суд қарори ижросини сўзсиз таъминлаш чоралари ҳам кўрилади”, – дейди Насимхон Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, Мавлон Шергазиев 2011 йилдан 2013 йилга қадар Сайхунобод туман молия бўлими мудири лавозимида ишлаган пайтида унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 210-модда билан жиноий жавобгарликка тортилган. У 2019 йил августга келиб оқланган ва ишга тиклаш масаласида судга мурожаат қилган.

ФИБ Сирдарё туманлараро суди 2020 йил 18 сентябр куни ҳал қилув қарори чиқариб, жавобгар Сайхунобод туман ҳокимлиги ва Сирдарё вилоят молия бошқармасига М.Шергазиевни Сайхунобод туман молия бўлими мудири ёки шунга тенглаштирилган лавозимга ишга тиклаш ва 2013 йилдан ҳозиргача бўлган муддатни умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшиш мажбуриятини юклайди. Бироқ ушбу суд қарори ҳозирга қадар ижро этилмай келмоқда.

МИБ директорининг биринчи ўринбосари Шавкат Ҳайдаров 6 август куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 643 нафар фуқаро МИБ томонидан ишга тиклангани, уларга тўланмай қолган 32,5 млрд сўмлик иш ҳақи ундириб берилганини айтган эди.

Мавзуга оид