Жамият | 16:11 / 07.08.2021
2667
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 4 ёшли қизалоқ вафот этди

Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 4 ёшли қизалоқ вафот этган. Уни тезлик қоидаларини бузган ҳолда тез келаётган «Тико» машинаси уриб юборган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 4 август куни Сариосиё тумани Боғистон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи маҳаллий аҳамиятга эга бўлган 4Н 1623 автомобиль йўлининг 7-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

1997 йилда туғилган ҳайдовчи бошқа шахсга тегишли бўлган «Тико» машинасини ишончномасиз бошқариб, эътиборсизлиги сабабли йўлни кесиб ўтаётган 4 ёшли қизалоқни уриб юборади. Оқибатда қиз оғир тан жароҳатлари олиб, Сариосиё туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Дастлабки суриштирувларда аниқланишича, вафот этган қиз Боғистон маҳалласидаги қариндошлариникига меҳмонга келган ва қаровсиз қолдирилгани туфайли автомобиль йўлига чиқиб кетган. Шунингдек, «Тико» ҳайдовчиси ҳам малакаси етарли бўлмаган ва у машинани белгиланган меъёрлардан ортиқ тезликда бошқарган.

Қайд этилишича, мазкур ҳодиса юзасидан Сариосиё тумани ИИБ ЙҲХБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Мавзуга оид