Жаҳон | 13:47 / 09.08.2021
6846
3 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг БМТдаги элчиси толибларни ИШИД ва «Ал-Қоида» билан алоқада айблади 

«Толибон» ҳаракати «битта ўзи ҳаракат қилмаяпти». Бу ҳақда Афғонистоннинг БМТдаги элчиси Ғулом Исоқзой жума куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган махсус йиғилишида маълум қилди.

У кенгашга мамлакатда «Ал-Қоида» ва ИШИД каби 20та турли хил гуруҳ вакиллари бўлган ўн мингдан ортиқ хорижий жангарилар борлиги тўғрисида хабар берди.

«ИШИДга қасамёд қилган турли ҳаракатлар Фарёб, Жузжон, Таҳор ва Бадахшон вилоятларида «Толибон» билан бирга жанг қилгани бўйича далиллар тобора ортиб бормоқда. Улар ҳозирда оилалари билан «Толибон» назорати остидадир», деди Исоқзой. 

«Толибон» ва бу трансмиллий террорчи гуруҳлар ўртасидаги алоқа бугунги кунда аввалгидан ҳам кучлироқ даражада бўлиб турибди», дея маълум қилди у. 

Унинг сўзларига кўра, толибларнинг ҳаракатлари нафақат Афғонистонга, балки бутун минтақадаги вазиятга ҳам таҳдид солади.

«Афғонистонда бўлаётган воқеалар - бу фуқаролар уруши эмас, балки жиноят уруши, уюшган жиноятнинг афғон халқига қарши уруши», дея маълум қилди Исоқзой.

У, шунингдек, Афғонистон расмийлари Покистон «Толибон» ҳаракатини қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги далилларни БМТ Хавфсизлик кенгашига тақдим этишга тайёрлигини билдирди. Таъкидланишича, толиблар Покистондан ёрдам оляпти, у ердаги шифохоналарда даволаняпти, ҳарбий амалиётларга тайёргарлик кўряпти, дафн маросимларини ўтказяпти ва пул йиғяпти.

Ўз навбатида, БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишидан кейинги матбуот анжуманида чиқиш қилган Покистоннинг БМТдаги доимий вакили Мунир Акром Покистон «Толибон» ҳаракатига ўз ҳудудидан Афғонистонга ҳужум қилиш имкониятини яратиб бермаётгани ҳақида маълум қилди.

«Биз буни бутунлай рад этамиз. Покистон ўз ҳудудида террорчи гуруҳларни йўқ қилди. Покистонда улар учун бошпана йўқ. Бизнинг Афғонистон билан чегарамиз 97 фоизига панжара ўрнатилган ва бу одамларнинг назоратсиз ҳаракатланишига йўл қўймайди», деди Акром.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид