Спорт | 23:20 / 09.08.2021
63346
2 дақиқада ўқилади

«Шу ёшга кириб ҳеч қачон бунақа адолатсиз ҳакамларни кўрмаганман». Абдулла Арипов Токио-2020даги ноҳақликлар ҳақида гапирди

Токиодан қайтган Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкент халқаро аэропортида тантанали тарзда кутиб олингач, совриндор олимпиячиларни Япониядаги муваффақият билан табриклаган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида Олимпиададаги ноҳақликлар ҳақида гапирди.

«Бу ерда ҳаяжонланиб, иккиланиб тургандим, лекин бу ҳақда айтмасам бўлмайди. Шу ёшга кириб ҳеч қачон бунақанги адолатсиз ҳакамликни кўрмагандим. Минг афсуски, Миразиз Мирзахалилов, Турсуной Раҳимова ютган жойида ринг атрофидагилар номардларча ғалабани бошқа рақибига берворишди. Бундай қилиш учун қанақа одам бўлиши мумкин, ҳайронман. Бундай ҳакамлар бу ишлари билан халқимизни ғазабига дучор бўлишди. Шунга қарамай, спортчиларимиз номардларча бўлган ҳакамликка ҳам бардош бериб, ўзини бор иродасини бир муштга йиғиб, зўр ғалабаларга эришиб қайтиб келишди. Раҳмат сизларга!

Нокас ҳакамларни нияти шу эдики, Рио-2016да ўзини кўрсатган боксчиларимизни шундай ҳакамликдан кейин иродаси синади деб ўйлаган эди. Мақсадлари ҳам ўзи шундай эди. Лекин Улуғбек Рашидов, Акбар Жўраев ва охирги кунда Баҳодир Жалолов 2019 йил Мустақиллик кунида президентимизга берган ваъдасини бажарди. Миразиз ҳам, Турсуной ва бошқа спортчиларимиз ҳам хафа бўлиши керак эмас. Ҳали олдимизда Париж-2024да ўзимизни кўрсатишга, ғурурларингни намойиш этишга имкон бор», - деди Абдулла Арипов.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева, ғолиб спортчилар ва уларнинг оналари, Озодбек Назарбеков, Ёдгор Саъдиев ва Юлдуз Усмонова сингари санъаткорлар Олимпиада чемпионларини қутлашди.

Маросимнинг аэропортдаги қисми якунланиб, ғолибларни тақдирлаш қисми Олимпия қўмитаси биносида давом эттирилиши маълум қилинди. У ерда совриндор спортчиларга президент совғаси сифатида «Tahoe», «Trailblazer» автомобиллари ва янги хонадон калитлари топширилиши режалаштирилган.

Усмон Ибодов
Тайёрлаган Усмон Ибодов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид