Жаҳон | 20:49 / 09.08.2021
3904
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик тадбиркорлар ҳукуматнинг юқори технологиялар соҳасига босими сабабли 87 миллиард доллар йўқотишди

Financial Times ва Bloomberg нашрлари ҳисоб-китобларига кўра, Хитойнинг юқори технологиялар соҳасида ишловчи етакчи тадбиркорларининг умумий бойлиги июнь охиридан бери 87 млрд долларга камайди. Айнан ўшанда Хитой ҳукумати ушбу соҳага босимни кучайтиришга киришган.

Июннинг иккинчи ярмида Хитойда Didi такси хизматига нисбатан антимонопол тергов бошлангандан кейин мамлакатнинг етакчи 20 нафар техномагнати бойлиги юқори технология компаниялари акциялари арзонлашиши ортида 16 фоизга қисқарган.

Бу босимдан Pinduoduo онлайн-ритейлер асосчиси Колин Хуан энг кўп зарар кўрган: у ўз бойлигининг учдан бир қисмини, яъни 15,6 млрд доллар йўқотган. Tencent интернет-гиганти асосчиси Пони Ма ўз бойлигининг 20 фоизини ёки 12 млрд доллар йўқотган. Alibaba асосчиси Жек Манинг бойлиги июнь охиридан бери 2,6 млрд долларга қисқарган. Умуман олганда, Ма 2020 йил ноябрда ҳукумат босими туфайли ўзига тегишли Ant Financial компанияси IPO’сини бекор қилишига тўғри келгандан кейин 13 млрд доллар йўқотган.

Кўпчилик экспертларнинг фикрича, Ant Financial билан боғлиқ вазият ва Мага нисбатан тергов бошланиши жадал ривожланаётган ҳайтек соҳасига ҳукумат босимининг бошланишига сабаб бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид