Жамият | 18:56 / 10.08.2021
13344
6 дақиқада ўқилади

Пахтадан тайёр кийимгача ўзи ишлаб чиқарадиган корхона: «FAYZ-M» қандай ривожланмоқда?

Kun.uz «Business class» рукнида мамлакатда муваффақиятли бизнес юритиб келаётган корхоналар билан таништиришда давом этади. Бу орқали бизнесга кириб келишни ўйлаётган инсонларга мотивация беришни мақсад қилганмиз. Бугунги танишув рукнида Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 16 йилдан буён муваффақиятли иш юритиб келаётган «FAYZ-M» корхонаси фаолияти билан яқиндан танишишингиз мумкин бўлади.

Корхона ишлаб чиқаришнинг турли йўналишлари ҳамда қишлоқ хўжалиги кластерида ўз йўлини топган. «FAYZ-M»нинг йиллик экспорт салоҳияти 25 миллион доллардан кўпроқ. Корхона фаолияти билан танишиб, унинг раҳбари Фарҳоджон Зокиров билан «FAYZ-M» жамиятининг бугуни ва эртаси ҳақида суҳбатлашдик.

«FAYZ-M» корхонаси 2005 йил оилавий корхона кўринишида ташкил этилган. Даставвал фаолиятни 10 киши билан тайёр трикотаж кийимларини ишлаб чиқаришдан бошлаганмиз. Оёққа туриб, 2009 йилда Россияда ўз савдо уйимизни очдик. Ўзбекистон трикотаж маҳсулотларига талаб ва эҳтиёж юқори эканлигини ҳис қилиб, корхонани янада ривожлантириш ишларини режалаштирганмиз.

2013 йилга келиб корхонамизда 300 нафардан зиёд ишчилар фаолият кўрсата бошлади. 2014 йил бизда қўшимча фабрикалар очиш имконияти туғилиб, «Форел» текстил корхонасини барпо қилдик. 2018 йилга келиб тўқув цехларини ишга туширдик. Кейин ип-калавага эҳтиёжимиз ортиб, уни ўзимиз ишлаб чиқаришга қарор қилдик. Янги фабрикалар очдик-да, уларда пахтадан ип-калава ишлаб чиқара бошладик.

2019 йилдан кластер тизимида пахтани ўзимиз етиштиришга киришдик. Мана, бугунги кунга келиб қарийб 5 минг гектар ерда фермерларимиз билан биргаликда пахта етиштириш ишларини олиб боряпмиз.

Пахта етиштиришда ҳам янги тажрибалар қиляпмиз. Чет элдан мутахассислар олиб келиб, биргаликда ишлаяпмиз. Ҳосилдорликни юқори даражага олиб чиқиш учун механизация тизимлари жорий этилди. Ҳозир 500 гектар ерни томчилатиб суғоряпмиз. Шу аснода ҳосилдорликни 50-55 центнерга олиб чиқишни мақсад қилганмиз», дейди «FAYZ-M» жамияти раҳбари Фарҳодбек Зокиров.

Ҳозирги кунда жамиятда қуйидаги ишлаб чиқариш линиялари фаолият юритмоқда:

1.    Пахта тозалаш заводи. Қуввати – 30 минг тонна. Қиймати – 10 млрд сўм. 100 иш ўрнига эга;

2.    Ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш линияси. Қуввати – 18 минг тонна. Қиймати – 1,2 млн АҚШ доллари. 70 иш ўрнига эга;

3.    Калава ип йигирув цехлари. Қуввати – 4,8 минг тонна. Қиймати – 4,6 млн АҚШ доллари. 120 иш ўрнига эга;

4.    Трикотаж хом мато тўқиш цехи. Қуввати – 3,2 минг тонна. Қиймати – 2,1 млн АҚШ доллари. 50 иш ўрнига эга.

5.    Тайёр маҳсулот тикув цехи. Қуввати – 12 млн дона. Қиймати – 2 млн АҚШ доллари. 700 иш ўрнига эга.

6.    Целлофан ишлаб чиқариш линияси. Қуввати – 1 000 тонна. Қиймати – 30 минг АҚШ доллари. 10 ишчи ўрнига эга.

Шунингдек, қишлоқ хўжалик кластери тизимида 150 нафар доимий ва 500 нафар мавсумий иш ўрни яратилган. Корхона тизимида жами 1 200 киши доимий, 500 киши мавсумий ишлайди.

Корхона кластер лойиҳасига алоҳида эътибор қаратиб, тез орада ун ишлаб чиқариш линиясини ишга туширишни, маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш мақсадида Булоқбоши туманида 400 нафар аҳолини иш билан таъминловчи корхоналар очишни режалаштирган.

«FAYZ-M» қишлоқ хўжалигида хориж тажрибаси ва технологияларидан самарали фойдаланишни мақсад қилиб, пахта етиштиришда туркиялик агроном Али Килҳейбе билан иш олиб бормоқда.

«Бу йил пахталаримиз яхши. Худо хоҳласа, юқори ҳосил оламиз. Ерни тўғри ўғитлаш ва дори бериш жуда муҳим. Ҳозирда ниҳоллар яхши шоналади, кўсаклар ҳам яхши, касаллик йўқ.

Келгуси йил насиб қилса, Туркия технологияси асосида ишлаб, 55-60 центнердан ҳосил оламиз. Туркиядаги далаларда ёмон ўтлар бор. Биздаги ва сиздаги ўша бегона ўтлар бир хил. Далаларимиз, тупроғимиз бир хил. Мен Туркиядаги дўстларимга Андижон ҳавоси Туркиянинг Қора денгизидаги ҳавога ўхшайди, дейман. Хўжаобод ҳам салқин, ҳам пахта учун яхши шароити бор. Ҳозир ғўзаларда 28-30 тадан шона ва кўсак бор. 10 сотих ерда ўртача 5,5-6 минг туп пахта бор. 28-30 тадан шонанинг ҳар биттаси 2 грамм келганида ҳам 60 грамм бўлади. Бу эса ҳосил 40-45 центнер дегани.

Сизларда пахтанинг ери шудгорлашда саёз чопилади. Бир сафар бир қарич тупроқ бу ёққа ағдарилади, кейинги йилда худди шу тупроқ нариги ёнга ағдарилади. Бу яхши эмас, тупроққа ҳаво олдириш керак. 60-70 см.ли чизеллар бор. Биз Туркияда «фантом» деймиз. Пахта терими тугаганидан кейин ерга шу чизелларда ишлов бериш керак. Кейин пахта экилиши олдидан ўт дорисини солиш керак. Чунки далада ўтлар бор. Бу ўтлар майдонни ҳам, пахтани ҳам бўғади. Пахта шона тугаётганида ҳам ўтлар бўғиб қўяди. Бунга йўл қўймаслик лозим. Кейинги йил 25 гектар ерда Туркия технологиясини синаб кўрамиз», дейди туркиялик агроном.

Корхона 2022 йилда мато ишлаб чиқариш цехларини барпо этишни ҳам режалаштирган. «FAYZ-M» кейинги йилдан 30 млн долларлик экспорт қилиш имкониятларини ҳисоб-китоб қиляпти.

«Айни пайтда «FAYZ-M» корхонаси 1 200 нафар ишчи-ходимлар ишлайдиган катта даргоҳга, катта оилага айландики, келажакда бундан-да юксак марраларни забт этишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз», дейди корхона раҳбари Фарҳодбек Зокиров.

Элмурод Эрматов, Kun.uz махсус мухбири,

Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Элмурод Эрматов
Тайёрлаган Элмурод Эрматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид