ССВ хусусий клиникаларда даволашдаги хатоликлар сабаб беморларни оғир аҳволда Зангиотага олиб боришга тўғри келаётганини маълум қилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусни даволашга рухсат олган айрим хусусий тиббиёт муассасаларида ишлар тўғри йўлга қўйилмагани оқибатида беморларнинг аҳволи оғирлашиб, ўлим ҳолатлари рўй бераётганига яна бир бор эътибор қаратди.
«Жорий йил май ойидан бошлаб коронавирусни даволаш бўйича ихтиёрий шартнома имзолаган хусусий шифохоналарга ушбу касалликни даволаш бўйича рухсат берилган эди.
Бироқ COVID-19 инфекциясини даволашда қатнашаётган баъзи хусусий тиббиёт муассасалари шартномада кўрсатилган талабларга тўла амал қилмаяпти. У ердаги беморларнинг барчаси ҳам белгиланган кўрсатмалар асосида даволанаётгани йўқ.
Жумладан, беморларнинг касаллик тарихлари таҳлил қилинганда, айрим нодавлат клиникаларда касалларга керагидан ортиқ дори-дармонлар, тегишли кўрсатма мавжуд бўлмаса-да, бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ антибиотик ва гормонлар буюрилаётгани маълум бўлмоқда.
Айрим хусусий клиникаларда эса беморларга даволаш стандартларига зид равишда меъёрдан ортиқ даражада инфузион суюқликлар қуйилаётгани аниқланмоқда.
Шунингдек, етарли билим ва савияга эга бўлмаган, санитария-эпидемиология қоидаларига ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган стандартларга риоя қилинмаган бундай шифохоналарда муолажа олаётган кўплаб беморлар оғир асоратлар билан ихтисослашган давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилмоқда. Бу эса тиғиз иш тартибида фаолият юритаётган давлат тиббиёт муассасаларидаги шифокорлар ишини янада қийинлаштирмоқда», дейилади ССВ хабарида.
Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов бу масалада фикр билдириб, COVID-19 инфекциясига чалинган беморни касалликнинг дастлабки босқичида турли инфузион суюқликлар билан даволаш, бир вақтнинг ўзида бир неча антибиотик ва гормонларни қўллаш хасталикнинг тез суратда оғир шаклга ўтиб кетишига сабаб бўлишини айтиб ўтган.
«Афсуски, бугун уй шароитида, қолаверса, баъзи хусусий тиббиёт муассасаларида беморларни даволашда айнан ана шу хатоликларга йўл қўйилмоқда.
Бунинг натижасида жорий йил июнь-июль ойида биргина Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасига Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ҳамда пойтахтимиздаги 20дан зиёд хусусий тиббиёт клиникасида даволанган коронавирусга чалинган 31 нафар бемор оғир аҳволда олиб келинган.
Бугунга келиб, ушбу беморларнинг 7 нафари шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари сабаб касалликдан бутунлай соғайган бўлса, қолган беморлар жонлантириш бўлимида даво муолажаларини олмоқда. Энг ёмони, ушбу беморлар орасида ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Бу эса ачинарли ҳолатдир.
Жорий йил 21 июль куни Яккасарой туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро У.Ш. Зангиота 1-юқумли касалликлар шифохонасига ўта оғир аҳволда олиб келинган. Бунгача бу бемор уй шароитида, сўнг пойтахтимиздаги хусусий клиникаларнинг бирида антибактериал, пульс терапия, вирусга қарши антикоагулянт даво чораларини олган. Беморнинг умумий аҳволида ўзгариш бўлмагач, бизга мурожаат қилган.
Беморда коронавирус инфекциясининг оғир даражада кечиши, икки томонлама пневмония, ўпка шиши, ОРДС синдроми каби белгилар аниқланган. Афсуски, керакли текширув ва даво муолажаларига қарамасдан, бу бемор шу йил 29 июль куни вафот этган.
Шу ўринда хусусий тиббиёт клиникаларида фаолият олиб бораётган шифокорлардан коронавирусга чалинган беморларни даволашда белгиланган кўрсатмаларга амал қилишларини, дори воситаларини ўрнатилган қоидаларга мувофиқ тайинлашларини сўраб қоламан», деган у.
Маълумот учун, бугунгача Тошкент шаҳрида 25та, вилоятларда 6та хусусий шифохонага COVID-19га чалинган беморларни даволаш бўйича рухсат берилган. Аввалроқ ССВ коронавирус беморларини даволашдаги камчиликлар туфайли Тошкент шаҳридаги ASIA SHINE HOSPITAL хусусий шифохонаси билан Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўртасида коронавирусга чалинган беморларни даволаш бўйича 2021 йил 19 июлда имзоланган шартнома бир томонлама бекор қилингани ҳақида маълум қилганди.
«Вазирлик, юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда мулкчилик шаклидан қатъи назар COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда белгиланган диагностика ва даволаш стандартларига амал қилиш лозимлигини яна бир бор эслатиб, ушбу даволаш муассасаларда назорат ишлари мунтазам олиб борилишини маълум қилади», дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
14:19 / 07.02.2023
Нейрохирургия марказига янги директор тайинланди
13:50 / 19.01.2022
«Келаётган беморларнинг 90-95 фоизида ўпка зарарланиши кузатилмаяпти» — Зангиота шифохонаси директори
21:40 / 16.11.2021
Зангиотадаги COVID марказида 112 ёшли бемор тузалди
18:07 / 15.10.2021