Ўзбекистон | 10:03 / 10.08.2021
5290
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон жанубида Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия ҳарбий машқлари якунланмоқда 

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги эса ҳарбийлар машқлардан бўш пайтда вақтини қандай ўтказганини кўрсатди.

Ўзбекистон, Тожикистон ва Россиянинг Афғонистон билан чегара яқинида, Хатлон вилоятидаги «Ҳарбмайдон» полигонида 1 августда бошланган ҳарбий машқлари бугун, 10 август куни якунланади.

Машғулотларнинг якуний босқичини Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари -  Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи Шуҳрат Холмуҳаммедов, Тожикистон мудофаа вазири Шерали Мирзо ва Россия Марказий ҳарбий округи қўмондони Александр Лапин кузатмоқда. Бу ҳақда Тожикистон мудофаа маҳкамаси матбуот маркази бошлиғи, полковник Фаридун Маҳмадализода «Азия-Плюс»га маълум қилди. 

10 кунлик машғулотларга уч давлат армиясининг 2,5 мингдан ортиқ аскар ва офицерлари, 500та ҳарбий техника ва артиллерияси, 25та жанговар самолёт ва вертолётлари жалб қилинди.

Машқлар давомида ҳарбийлар шартли равишда Тожикистон ҳудудига бостириб кирган ноқонуний қуролли тузилмалар отрядларини қўшинлар гуруҳи томонидан мағлуб этиш бўйича жанговар ҳаракатларни ўтказишга тайёргарлик кўрди.

Бугун Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия мудофаа идоралари бўлинмалари террорчи гуруҳларни давлат чегарасини кесиб ўтиши вақтида йўқ қилиш бўйича машқ ўтказади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги машқлар бўлмаган вақтдаги ҳолатлар тасвирланган видеони эълон қилди. 

Мавзуга оид