Жаҳон | 07:51 / 10.08.2021
5738
2 дақиқада ўқилади

Хитойлик журналистлар АҚШни коронавирус ҳақидаги маълумотларни яширишда айблади

Global Times China нашрининг ёзишича, АҚШда коронавирус юқтириш билан боғлиқ илк ҳолатлар вируснинг Уҳанда авж олишидан анча олдин юз берган.

Фото: Global Look Press

Хитойлик журналистларнинг таъкидлашича, ҳозирда АҚШда коронавирус тарқалиши марказига айланган Флоридада 2020 йил май ойида 171 бемор ҳақидаги маълумотлар йўқолиб қолган. Кейинроқ ушбу маълумотлар тикланган, бироқ улардаги касаллик аломатлари ҳақидаги маълумотлар махфийлаштирилган. Мақола муаллифларининг айтишича, ушбу беморларда коронавирус аломатлари 2020 йил январь-февралида кузатилган. Яъни бу Флоридада маҳаллий ҳукумат илк касалланиш ҳолатлари ҳақида маълум қилишидан бир ой олдинроқ юз берган.    

“Камида 26 кишида касаллик аломатлари 2019 йил декабрь охири ва 2020 йил январда пайдо бўлган, улардан камида 8 нафари саёҳат қилмаган ва бошқа касалланганлар билан алоқада бўлмаган. Флоридадаги илк касалланиш ҳолатлари Уҳандагидан олдинроқ юз берган бўлиши мумкин, бироқ ўшанда АҚШ уларни коронавирус деб баҳоламаган ёки атайлаб буни рад этган”, деб айтган олим Эрик Тонер.

Журналистларнинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати ҳақиқатни билишга уринганларнинг “овозини ўчиришга” ҳаракат қилган. Улар бунга мисол сифатида Флоридадаги беморлар ҳақидаги маълумотлар билан манипуляция қилишдан бош тортган америкалик таҳлилчи Ребекка Жонс уйига полиция келганини ҳамда унинг уйидаги бутун техникани олиб чиқиб кетганини келтириб ўтишган.

Уҳан университети вирусологи Ян Чжаньцюнинг таъкидлашича, Вашингтон “пандемияни сиёсийлаштириш ва бунда Хитойни ёмонотлиқ қилиш” мақсадида коронавирус ҳақидаги ахборотни яширган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, америкалик сиёсатчилар АҚШдаги оғир эпидемиологик вазиятга кўз юмиб, бўҳтон тарқатиш билан шуғулланмоқда.

5 август куни АҚШ Уҳан вирусология институти лабораториясида ўрганилган 22 минг вирус ҳақидаги маълумотларни қўлга киритгани маълум бўлди. АҚШ разведкаси ушбу маълумотларни қачон ва қай йўсинда қўлга киритгани номаълум.

Таъкидланишича, ушбу ахборот хитойлик амалдорлар томонидан 2019 йил сентябрда ўчириб ташланган. Ўшандан бери Хитой ушбу маълумотларни ЖССТга беришдан бош тортиб келган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид