Ўзбекистон | 17:57 / 11.08.2021
20974
5 дақиқада ўқилади

Ерости сувлари ҳам чексиз эмас: Тошкентнинг суғориш тизимидаги исрофгарчиликлар

“Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ”. Бу нақлни кўп эшитганмиз. Ҳақиқатан ҳам жуда ҳаётий бу гап ҳар куни, ҳар дақиқада намоён бўлади. Яратган бизга берган неъматлар шунчалар кўпки, санаб адоғига етиш қийин ва биз бу неъматларни қадрлашни кўпинча унутиб қўямиз, исрофга, уволга йўл қўямиз. Kun.uz ҳаёт учун энг зарур неъмат – сув мавзусига яна бир бор мурожаат қилди.

Биз қишлоқ хўжалигида сувнинг исрофи туфайли бутун бир денгиздан маҳрум бўлган халқмиз. Афсуски, собиқ иттифоқ пайтида бебилиска ишлатилган сув ўтган асрнинг охирларида бизга аянчли қисматни тақдим этди – Орол денгизининг қуриши оқибатида Ўзбекистоннинг катта қисми чўллашишга маҳкум бўлди. Бу жараён ҳануз давом этаётгани ҳақида такрор ва такрор бонг уряпмиз, бироқ амалда оби ҳаётни тежаш, ундан самарали ва оқилона фойдаланиш бобида оқсаяпмиз.

Сув сарфи кўлами, айниқса беҳуда оқиб кетаётган сув кўлами шунчалар каттаки, уни кичик рақамларда ифодалаш имконсиз. Миллион, миллиардлаб куб сув шунчаки оқизиб юборилади. Сайтимиз орқали бу дафъа шаҳардаги суғориш тизими камчиликларига тўхталамиз. Бу – биз ҳар куни кўриб, билиб, индамай ўтиб кетаётган муаммо. Негадир бунга деярли ҳеч ким эътибор қаратмаяпти.

Биргина пойтахт мисолида оладиган бўлсак, яшил ҳудудларни суғориш учун маънан эскирган технологиялардан фойдаланилиши оқибатида бир мавсумда салкам 26 миллион куб сув ишлатилар экан. Бу – Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси тақдим этган рақамлар. Бу рақамлар қанчалик аниқлигини билмадик, аммо тахминимизча, сув сарфи бундан-да кўпроқ бўлса керак. Негаки, аҳоли ишлатаётган сув манбалари, ўзбошимчалик билан қазиб олинган қудуқлар бу статистикага кирмаган.

Шаҳар бўйлаб ҳаракатланар экансиз, тахминан апрель ойидан бошлаб то октябргача кўчаларда сув оқиб ётганини кўрасиз. Айрим жойларда сув дарё бўлиб оқаётгани унинг колоссал сарфидан ташқари аҳолига ноқулайлик туғдириши ҳам бор гап. Мана шунақа кўлмак ва “дарё”ларни кечиб ўтишга қийналаётган одамлар-у сувни сачратиб ўтаётган автомобиллар дилингизни хира қилади.

Ярим соатгина суғориш мумкин бўлган жойларда 5-6 соатлаб очиб қўйиладиган суғориш тизимига жавобгар шахсларнинг масъулиятсизлигидан куюнамиз. Бунинг тартиби борми? Бор бўлса у қандай? Биз кўрсатувимизда мана шу саволларга жавоб олиш учун Ободонлаштириш бошқармаси масъуллари ва Давлат геология қўмитаси мутасаддиси билан суҳбатлашдик. Суҳбатдан англашиладики, ерости сувлари сарфини оптималлаштиришга муҳтожмиз. Ва буни зудлик билан амалга ошириш зарур.

Ободонлаштириш бошқармаси вакили сўзларига кўра Тошкент шаҳрида кўкаламзорлаштириш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш учун 2023 йил охиригача 1500 та қудуқ қазилиши режаланган. Бу – жуда катта рақам, аммо шунча қудуқ керакми? Мавжуд қудуқларнинг қанчаси соз? Геология қўмитаси вакилига кўра, 1500 қудуққа эҳтиёж бўлмаслиги мумкин, агар мавжуд қудуқларни инвентаризациядан ўтказиб, улар соз ҳолатга келтирилса, 300-400 қудуқ кифоя қилади. Шунингдек, бу ишлар жуда катта маблағни талаб қилади, уларнинг ишлаши учун электр энергияси етказиб бериш ҳам муаммо бўлиши эҳтимоли бор.

Манба: Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармаси

Тошкент шаҳри остида 2 та ерости сувлари манбаси бор. Чирчиқ ерости сув кони катта захирага эга бўлса, Чирчиқ-Келес кони захираси анча кам. Бугунги кунда бу сув манбаларидан фойдаланиш ортса ортяптики, камаймаяпти. Бу ерости сувларидан тежаб фойдаланиш, қудуқларни қазиётганда рухсат олиш, ерости сувларидан фойдаланиш учун тўловлар, бу жараённи тартибга солиш ҳақида ким ўйлаб кўради? Ичимлик суви бормаган ҳудудларда яшайдиган аҳоли ҳам истаган пайтида ўз ҳовлисида қудуқ қазиб, сув чиқаряпти, аммо бу каби ишлар назоратсиз қолиб кетаётгани ачинарли.

Кўрсатувда бугунги куннинг долзарб муаммоси ҳақида батафсил тўхталишга ҳаракат қилдик. Дунё олимларининг ҳисоб-китоб ва прогнозларига кўра, яқин 15 йил ичида сайёрамизни глобал инқироз кутмоқда – сув танқислиги. Ва бу муаммо инсоният шу кунгача бошидан кечирган инқирозларнинг энг каттаси бўлиши тахмин қилинмоқда. Фарзандларимиз келажаги учун бугун биз масъулиятни ҳис қилиб, ақлимизни йиғиштириб олмас эканмиз, эртага кеч бўлади.

Муаллиф – Бобур Акмалов

Тасвирчи – Маҳмуд Солиев

Мавзуга оид