Жаҳон | 21:58 / 12.08.2021
5870
1 дақиқада ўқилади

Adidas Reebok брендини 2,1 миллиард еврога сотмоқда

Дунёда спорт товарлари ишлаб чиқариш бўйича 2-рақамли компания Adidas AG ўзига тегишли Reebok брендини АҚШнинг Authentic Brands Group компаниясига сотишга қарор қилди.

Adidas баёнотида таъкидланишича, компания тўланадиган сумманинг катта қисмини битим ёпилиши вақтида, қолганини эса муайян шартлар бажарилса олади.

Томонлар битимни 2022 йилнинг 1-чорагида ёпишни режалаштирмоқда. Adidas ўз бренди сотилишидан қўлга киритадиган маблағнинг катта қисмини акциядорларни рағбатлантиришга йўналтирмоқчи.

Немис компанияси Reebok’ни 2006 йилда Rockport, CCM Hockey ва Greg Norman брендлари билан бирга сотиб олган. Кейинроқ у ушбу брендларни сотиб юборган ва улар учун умумий ҳисобда 400 млн еврога яқин пул олган.

Adidas акциялари ушбу янгиликдан кейин 1,6 фоизга қимматлашди. Уларнинг нархи жорий йил бошидан умумий ҳисобда 5 фоизга ошган.

Authentic Brands Group 30дан кўпроқ брендга, жумладан Sports Illustrated, Brooks Brothers ва Nine West’га эгалик қилади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид