Ўзбекистон | 20:07 / 12.08.2021
10586
5 дақиқада ўқилади

Божхона қоидалари: божхона экспертизаси нима?

Баъзида божхона назорат постларидан буюмлар, моллар ва турли ашёларни олиб ўтишда божхона экспертизаси тайинланади. Буни ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари яхши англашади.

Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланаётган туркум кўрсатувларнинг навбатдаги сонида шу ҳақда сўз боради. Қўмита эксперти Муҳайё Ҳусанова божхона экспертизаси ҳақида сўзлаб беради.

Божхона экспертизасини ўтказиш учун асосий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат Божхона кодекси ҳисобланади. Божхона кодексининг 208-217 моддаларида божхона экспертизаси тўғрисида, божхона экспертизасини ўтказиш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра:

Божхона экспертизаси шундай процессуал ҳаракатки, унда махсус малакали эксперт товарларни идентификация қилиш учун фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасидаги махсус билимлар асосида тадқиқотлар ўтказади ва хулоса беради.

Божхона экспертизасининг асосий вазифаси нима?

Божхона экспертизасининг асосий вазифаси импорт қилинаётган маҳсулотларнинг ТИФ ТНга хос халқаро код рақамларини тўғри белгиланганлигини илмий асосда тадқиқ қилишдан иборат. Халқаро иқтисодий муносабатларда ва божхона амалиётида импорт қилинадиган барча товарларнинг тўғри ТИФ ТН код рақамларини аниқлаш , божхона тўловларини тўғри ундириш учун ҳам муҳим ҳисобланади.

Давлат божхона қўмитаси Муҳайё Ҳусанова

Нима учун божхона экспертизаси ўтказилади?

Божхона экспертизасида товарларни таҳлил қилиш, уларнинг кимёвий таркиби, тузилиши, органолептик, физик-кимёвий ва бошқа кўрсаткичлари ҳамда товарларнинг ишлаб чиқариш жараёнларига оид маълумотлар тўпланади. Товарларни тўғри номлаш, иқтисодий муносабатларда рўй бериши мумкин бўлган қатор мунозарали ҳолатларнинг олдини олиш ва истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятини беради.

Божхона экспертизаси қандай ҳолларда амалга оширилади?

  • Божхона назоратини амалга оширилаётганда товарларнинг божхона расмийлаштирувини ўтказиш жараёнида;
  • Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТНга биноан товарнинг таснифланиши бўйича дастлабки қарор қабул қилишда;
  • Божхона тўғрисидаги қонунчилик бузилишининг тасдиқланган фактлари бўлганда божхона экспертизаси амалга оширилади.

Экспертиза ўтказиш тартиби ҳақида

Товарлар экспертизаси намунанинг тўғри олинишидан бошланади.   

Божхона экспертизасини ўтказиш учун товарлардан намуна ва синамалар Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 мартдаги 145-сон қарори асосида олинади ва божхона экспертиза лабораториясига тақдим қилинади. Масалан:

енгил саноат ва тўқимачилик маҳсулотларини оладиган бўлсак, 3 нусхада намуна ва синамалар олиниб, идентификация қилиш учун божхона экспертиза лабораториясига юборилади. Экспертлар томонидан бундай намуналар аввал органолептик кўрсаткичларига кўра, кейин таркиби ИК аппарати орқали текширилади. Таркибида аралаш моддалар борлиги аниқланса, кимёвий усуллар ёрдамида анализлар қилиниб, микроскоп орқали текширилиб, идентификация қилинади ва натижаси бўйича эксперт хулосаси тайёрланади. Мабодо, товарлар ўлчами йирик габаритли бўлса, экспертлар жойларга чиқиб товарлар идентификациясини амалга оширади.

Божхона экспертизасини ўтказиш учун нималар асос бўла олади?

  • Божхона органлари мансабдор шахсларининг божхона экспертизасини ўтказиш тўғрисидаги ёзма мурожаати;
  • Терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судья қарори, суд ажрими божхона экспертизасини амалга ошириш учун асос бўла олади.

Божхона экспертизаси кимлар томонидан амалга оширилади?

Божхона экспертизаси божхона экспертлари томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида маълум бир божхона мақсадларида ўтказилади. Эксперт – хулоса бериш учун божхона органларининг мансабдор шахси, илм-фан, техника, санъат ёки ҳунармандчилик соҳасида махсус билимга эга, белгиланган тартибда эксперт сифатида тайинланган бошқа ташкилотнинг ходими бўлиши ҳам мумкин.

Божхона экспертлари сифатида асосан кимё, кимё-технология, физика, биология, товаршунос, фармацевтика, санитария-эпидемиология ёки божхона иши мутахассислигига эга бўлган, юклатилган вазифаларни бажара оладиган мутахассислар тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Марказий божхона экспертиза лабораторияси 1993 йил 5 июнь куни Божхона лабораториялари учун қўлланма талаблари асосида ташкил этилган. Ҳозирги кунда Марказий божхона лабораторияси энг сўнгги замонавий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, халқаро ISO-17025 стандарти бўйича аккредитациядан ўтказиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Марказий божхона лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилгач, божхона экспертлари томонидан берилган хулосалар нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро миқёсда тан олинишига эришилади.

Мавзуга оид