Ўзбекистон | 09:47 / 12.08.2021
33043
2 дақиқада ўқилади

Ғиждувон тумани ҳокими ўзгарди

Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳокими лавозимдан олинди. Унинг ўрнини вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи эгаллади.

Бугун, 12 август куни Халқ депутатлари Ғиждувон туман Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ҳокими ўзгариши ташкилий масала сифатида кўрилди.

Сессия давомида Ғиждувон туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Муроджон Умаров ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилгани маълум қилинган ва вилоят ҳокими Ботир Зарипов туман ҳокимлигига айни вақтга қадар Бухоро вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Шерзод Ашуров номзодини тавсия қилган.

Таклиф Халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланган. Сессияда Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуров Ғиждувон тумани ҳокими этиб тасдиқланган. 

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, Шерзод Aшуров 2018 йилдан буён Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Маълумот учун, Бухоро вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича собиқ ўринбосари бўлган Муроджон Умаров 2016 йилда Ғиждувон тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Мавзуга оид