Жамият | 09:00 / 12.08.2021
42176
6 дақиқада ўқилади

Молларининг изи ҳам, ўзи ҳам йўқолган фермер ва хатига кафолат беролмаётган Самарқанддаги банклар

«Ҳар бир оила — тадбиркор» давлат дастури доирасида қишлоқ жойларда аҳолига наслли чорва моллари банкнинг имтиёзли маблағлари асосида тарқатилмоқда. Лекин бу борада айрим тушунмовчиликлар ҳам рўй бериб турибди.

Қоида тариқасида, республикада етиштириладиган қорамоллар туёқлари сонини кўпайтириш мақсадида фақат импорт қилинган зотдор молларгина банк маблағлари эвазига берилади.

Қоида оддий: талабгорлар аризани онлайн тўлдиришади. Туман комиссияси аризани сектор раҳбарларига йўналтиради. Уларнинг ижобий хулосасига кўра банк кафолат хати беради ва таъминотчидан қорамол олинади ва ҳужжатлаштирилади. Сўнгра банк кафолат хатида кўрсатилган муддатда маблағни таъминотчи чорва корхонасига ўтказиб бериши лозим.

Бироқ таҳририятимизга мурожаат қилган Нуробод туманида фаолият кўрсатаётган «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖ фермер хўжалиги ҳамда «SAMARQAND MILK» МЧЖ вакиллари «Халқ банки», «Агробанк» ва «Микрокредитбанк»нинг туманлардаги бўлимлари кафолат хатида кўрсатиб ўтилган муддат ўтиб кетган бўлса-да, ҳамон пул маблағларининг маълум бир қисмини тўламасдан пайсалга солиб келишаётганини маълум қилишди.

Нуробод туман «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖ менежери Зойир Мамановнинг айтишича, «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖга тўланиши лозим бўлган сумма «Халқ банки»нинг тумандаги филиалларидан 399 млн сўмни, «Агробанк»нинг тумандаги филиалларидан 435 млн сўмни, «Микрокредитбанк»нинг Жума филиалидан 50 млн сўмни ташкил этади.

«SAMARQAND MILK» МЧЖ директори Атҳам Исахановнинг ҳужжатлардан кўрсатиб беришича, «Халқ банки»нинг тумандаги филиалларида «SAMARQAND MILK» МЧЖдан қарз 260 млн сўмни, «Агробанк»нинг тумандаги филиалларидан эса 204 млн сўмни ташкил этмоқда. Шунингдек, «Микрокредитбанк»нинг Жума филиалидан 30 млн сўмни ташкил этади.

Етказиб берилган қорамоллар учун пул маблағларининг ўз вақтида тўлаб берилмаётгани фермер хўжаликларида маълум бир муаммолар келтириб чиқармоқда. Корхоналар ем-хашак ва озуқа захирасини жамғариш, солиқ, божхона ва банк олдидаги мажбуриятларини бажаришда қийинчиликка дуч келмоқда.

Биз мазкур масала бўйича «Халқ банки» ва «Агробанк» вилоят бўлимида бўлиб, саволларимизга тайинли жавоб ололмадик. Кафолат хати масаласида банкнинг туман бўлимларининг ўзига учрашиш тавсия этилди.

Албатта, бу икки банкнинг туманлардаги бўлимларининг ҳар бирига бориб, ҳар бир бажарилмаган кафолат хати бўйича учрашиш катта вақт ва маблағ талаб этади.

Қолаверса, банкирлар бундай вазиятнинг рўй беришида маблағ етишмовчилигини ҳам рўкач қилмоқда. Гўёки, аҳоли олган имтиёзли маблағларни ўз вақтида қайтармаяпти, қорамоллар учун тўлов шу пуллар ҳисобидан қоплаб берилади. Лекин банкларга ресурс аввалдан ажратиб берилган.

Яна айрим масалаларда ҳужжатлардаги чалкашликлар, аҳоли вакилларининг қинғирликлари тўловни амалга оширишда тўғаноқ бўлмоқда. Лекин таъминотчининг нима айби бор бу ҳолатда? У кафолат хатига асосланиб қорамолни фуқарога бериши керак — тамом. Қолгани — банкнинг иши.

Масалан, «Микрокредитбанк» Жума бўлимида бўлдик. «SAMARQAND MILK» МЧЖ кафолат хати орқали 2020 йилнинг 12 июнда Ғайрат Абдиназаровга 30 млн сўм эвазига 3 бош қорамолни бериб юборган. Орадан 1 йилдан зиёд вақт ўтибдики, ҳалигача ушбу битим бўйича пул ўтказиб берилмаган.

Қолаверса, банкнинг Жума филиали «Янгиобод насл чорва моллари» МЧЖга 2021 йилда жами 50 млн сўмлик 2 та кафолат хати бўйича тўловни ҳам амалга оширмаган. Филиал ходимлари билан масала ҳақида гаплашганимизда қизиқ ҳолатлар очилди.

Жумладан, филиал кредит бўлими мутахассиси Ойбек Нурпўлатов ҳамда филиал юристи Арслонбек Пардаевнинг тушунтиришича, Ғайрат Абдуназаровнинг кредит тарихи ёмон бўлганига қарамасдан, банк ходимларининг эътиборсизлиги туфайли унга янги кредит учун кафолат хати берилган. У қорамолларни қабул қилиб олган. Лекин якунда унга кредит ажратилмайдиган бўлган.

Лекин банкнинг кафолат хатига ишониб, қорамолларни бериб юборган таъминотчи 1 йилдан буён нима қилишини билмасдан ҳайрон.

Биз шу банк филиали орқали кафолат хати номларига чиққан Маъмура Ғаниева ва Асилбек (у исмим Алибек деди) Мардановни топдик. Улар қариндош экан. Маъмура Ғаниева ҳеч қандай қорамол олмагани ва ҳужжатларга имзо чекмаганини айтди. Алибек Марданов эса қандай ҳужжатларга имзо чеккани эсида йўқлиги, фермага боргани, лекин қорамолни олмаганини айтиб ўтди.

Алалхусус, банк фуқароларни текширмасдан «кафолат хати» чиқариб бераверган. Уларнинг номидан бошқалар иш кўрган. Энди мол ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, молни сотиб юборганлардан бири ҳам йўқ. Фақат банкнинг кафолати бор.

Айрим банклар эса кредитнинг суғурта тўловини таъминотчи тўлаб берсагина қорамоллар учун маблағни кўчириб беришини айтишмоқда экан. Бу эса ноқонуний талаб. Банкирлар ўзлари ишни рисоладагидек қила олмасдан, камчиликни таъминотчи ҳисобига ёпмоқчи бўлишмоқда.

Гувоҳи бўлганингиздек, муаммо бор, Самарқанд банкларида уни ҳал қиладиган масъул йўққа ўхшаяпти. Давлат дастури асосида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун йўналтирилган маблағлардан нооқилона фойдаланиш эмасми бу? Банкларнинг пойтахтимиздаги Респпублика бош офислари ушбу чигал масалани ўзлари текшириб, масалага ечим топса яхши бўлар эди, албатта.

Чунки тадбиркорлар пулларини ундириш, чалкашликлардан тезроқ халос бўлишни истайди. Ҳозирча улар кафолат хати бўйича чорваларни одамларга тарқатишни бас қилиб туришибди. Чунки бу ишдан фақат бош оғриқ орттиргани қолмоқда. Уларга аниқ бир ечим керак. Қуруқ гаплардан силласи қуриган. Улар судга мурожаат қилишмоқчи.

Kun.uz «Агробанк», «Халқ банки» ва «Микрокредитбанк»дан ушбу чигал масалани ҳал қилиш юзасидан муносабат кутади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид