Ўзбекистон | 17:19 / 12.08.2021
3137
3 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахсларга «ақлли соат»лар етказиб берилади

“Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил якунигача 2 минг дона замонавий эшитиш мосламаларини харид қилиниб, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқиётган эшитиш қобилияти заиф болаларга етказилади.

Харид қилиниши режалаштирилган 260та кохлеар имплантатларига қўшимча равишда 355та кохлеар имплантатлари сотиб олинади ва 5 ёшгача болаларга жарроҳлик амалиёти орқали ўрнатилади.

2021 йилда қўшимча 2 минг нафаргача, 2022 йилдан бошлаб ҳар йили 3 минг нафаргача болага туғма юрак нуқсони ҳамда бош миядаги патологик ўзгаришлар (жумладан, гидроцефалия) бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.

Ҳар йили камида 110 нафар бемор бола учун транспедикуляр тизим (фиксаторлар) тўпламлари харид қилган ҳолда, уларда сколиоз ва умуртқа поғонасининг бошқа патологияси бўйича жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади.

Шунингдек, йилига ўртача 1 000 нафар болага туғма ва патологик сон чиқишини жарроҳлик амалиётлари орқали даволаш учун зарур металл конструкциялари сотиб олинади.

Ҳар йили камида 140 нафар бемор болада кўкрак қафаси деформациясини даволаш учун 150та махсус пластиналар харид қилиниб, ўрнатилади.

Бундан ташқари, бемор болаларга туғма оёқ-қўл патологияларини даволаш учун 350та Илизаров аппаратлари харид қилинади.

Ҳар йили камида 100 нафар бемор болага жарроҳлик амалиётлари давомида суяк дефектларини тўғрилаш учун коллопан гранулаларини харид қилинади.

Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ва унинг ҳудудий марказлари 2021–2023 йилларда 54та, шундан 2021 йилда 14та замонавий экзоскелет ускунаси билан таъминланади.

2021–2025 йилларда 11,6 минг дона, шу жумладан 2021 йилда 1 100 дона электр юритмали кресло-аравачалари харид қилинади, кўзи ожиз болалар ва катталар 9 минг дона овозли термометр, 10 минг дона овозли тонометр, 20 минг дона йиғма Брайл алифбоси билан таъминланади.

Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар оғир ва фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш ҳақида хабар беришнинг инновацион лойиҳаси жорий этилади. Бунда, 2021 йилда 5 мингтагача ва 2022–2023 йилларда 12 мингта махсус функцияга эга соат (“ақлли соат”) тегишли тоифадаги шахсларга етказиб берилади.

Мавзуга оид