Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Йўл қурилиши соҳасида очиқликни таъминлаш учун махсус платформа ишлаб чиқилади
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Йўл қурилиши ва эксплуатацияси соҳасида очиқлик стандартларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси билан:
- "Очиқ бюджет” тамойиллари асосида йўл қурилиши, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари, эксплуатацияси, чет элдан импорт қилинадиган асосий йўл қурилиш материаллари ва техникалар учун йўналтирилаётган маблағларнинг ҳаракати тўғрисида маълумотларнинг тўлиқ шаффофлиги;
- йўл қурилиши ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни шакллантиришда йўллардан фойдаланувчиларнинг фикрини инобатга олиш;
- йўл қурилиши ва эксплуатация қилиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишнинг ҳар бир босқичини жамоатчиликнинг назорати остида олиб бориш;
- йўл қурилиши билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш якунлари бўйича объектларни қабул қилиш жараёнида жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлаш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси, Молия вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига оладиган Shaffof Yo'l онлайн ахборот платформасини ва унинг мобил иловасини синов тартибида ишга туширади ва юритувини йўлга қўяди.
Платформани ишлаб чиқиш, ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ харажатлар Молия вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўлларини ривожлантириш мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Маълумотларни платформага ўз вақтида ва тўлиқ ҳолда жойлаштириш ҳамда маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун Автомобиль йўллари қўмитаси раисига шахсий масъулият юкланади.
Бундан ташқари, Автомобиль йўллари қўмитасига Кадастр агентлиги билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар хорижий тажрибага асосланган ҳолда платформада Ўзбекистонда мавжуд барча тоифалардаги автомобиль йўлларининг онлайн харитасини жойлаштириши ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш объектларининг Интерактив онлайн-харитасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилмоқда.
Ҳар йили 1 декабргача Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳамда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда кейинги йилда қурилиши, таъмирланиши кўзда тутилган барча тоифадаги йўл участкаларини олдиндан аниқлаш, уларни харитага жойлаш ва буни кенг жамоатчиликка тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади.
Харитада қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб бориладиган йўл участкаси аниқ манзили, мазкур йўл участкасини қуриш, таъмирлаш учун ажратилган маблағ (тасдиқланган смета) ҳамда унинг манбаси, қурилиш, таъмирлаш ишларини бошлаш ва якунлаш муддатлари, қурилиш, таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича лойиҳа буюртмачиси қурилишни амалга оширувчи ташкилот, ишларининг сифати ҳақида фуқаролар томонидан изоҳ қолдириш (фото ва видеофайлларни юклаш билан биргаликда) имконияти яратилади.
Шунингдек, платформанинг алоҳида саҳифаси орқали аҳолининг йўллар носозлиги, шунингдек йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун пайдо бўлган фавқулодда техник муаммолар (светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларга шикаст етканлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар) ҳақида фото- ва видеомурожаатлар қолдириш имконияти яратилади.
Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура ва Молия вазирлиги платформага маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ жойлаштирилиши ҳамда маълумотларнинг ҳаққонийлиги устидан қатъий назорат ўрнатади.
Бундан ташқари, қарор лойиҳасининг иловасида келтирилган ушбу маълумотлар:
- автомобиль йўллари соҳасига ажратиладиган барча турдаги (халқаро грантлар ва бюджет) маблағлари;
- автомобиль йўллари ва кўчалар бўйлаб автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар суммалари;
- қўмитанинг йўлларни лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва сақлашга доир харидлари;
- автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуришда иштирок этадиган давлат ва хусусий корхоналар реестри (сарфланган маблағлар, даромад топаётган бенефициарлар ва бошқа маълумотларни акс эттирган ҳолда);
- автомобиль йўллари қўмитаси фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармасининг тушумлари ва харажатлари бўйича батафсил маълумот;
- йўл қурилиши билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган инсофсиз ижрочилар рўйхати расмий веб-сайтлар, Shaffof Yo'l онлайн ахборот платформаси ва оммавий ахборот воситаларида мунтазам эълон қилиб борилади.
Мазкур қарор ижроси учун масъул ва шахсий жавобгар этиб бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов белгиланган.
Мавзуга оид
14:30 / 27.05.2025
Пойтахт бош режаси интерактив харитада: унда нималар акс этган?
22:06 / 13.05.2025
Тошкентдаги кўчалардан бири автомобиллар ҳаракати учун 2 кунга ёпилади
17:21 / 28.04.2025
“Чуқурларга тўла кўча” – Фарғона шаҳри марказидаги абгор йўл қачон таъмирланади?
14:51 / 12.04.2025