Жаҳон | 17:46 / 13.08.2021
5934
2 дақиқада ўқилади

Америкалик конгрессмен Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашувида Байденни айблади

Фото: Reuters

Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг фаоллашуви АҚШ президенти Жо Байденда ушбу мамлакатдан америкалик ҳарбийларни олиб чиқиш бўйича режа йўқлиги сабабли юз берди. Бу ҳақда АҚШ конгресси вакиллар палатасининг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитасининг республикачи аъзоси Майк Рожерс айтди.

Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис ўз лавозимларини эгаллашгандан кейин “Американинг қайтиши” ҳақида эълон қилишган. “Бироқ Байден-Ҳаррис маъмурияти томонидан биз кузатаётганимиз Америка Афғонистондаги аёллар ва болалардан юз ўгиргани бўлди”, деб айтган конгрессмен.

У АҚШ раҳбари ва унинг маъмуриятини Афғонистондаги вазиятнинг ёмонлашувида айблаган. “Байденда режа бўлмагани сабабли Афғонистонга янада кўп ҳарбийлар қайтмоқда, элчихонамиз эвакуация қилинмоқда, толиблар эса мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб ҳужумлар уюштирмоқда”, деб таъкидлаб ўтган Рожерс. Унинг фикрича, минтақадаги жорий вазиятни ҳисобга олса, Байден ваъда берганидек 11 сентябргача Афғонистондан қўшинларни олиб чиқа олмайди.

13 августда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва мудофаа вазири Ллойд Остин Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали музокаралар ўтказди. АҚШ вакиллари суҳбат давомида Вашингтон Афғонистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришига ваъда беришган.

Шунингдек, АҚШ Афғонистондаги элчихонасини эвакуация қилиш учун Кобулга 3 мингга яқин ҳарбий юборишини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид