Спорт | 21:10 / 13.08.2021
14413
2 дақиқада ўқилади

Карлуш Кейруш Ўзбекистон МЖга бош мураббий бўлиш таклифини рад этгани маълум бўлди

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) миллий терма жамоага янги мураббий танлашда португалиялик мутахассис Карлуш Кейруш билан ҳам музокара ўтказгани маълум бўлди. Бу ҳақда ЎФА медиа бўлими раҳбари Даврон Файзиев маълум қилди.

Фото: Getty Images

«Футбол мухлислари Сречко Катанецнинг мураббий бўлиш эҳтимоли ҳақидаги хабарни умумий олганда анча илиқ қабул қилишди. Европа ва Осиёни кўрган, билган мутахассис. Жаҳон ва Европа чемпионатига чиққан. Ишлаган жойларида барқарор фаолият олиб борган. Ироқ билан ўсишга эришган. Эрон билан рақобатда устунлик қилган. 

Шу билан бирга кўпчилик терма жамоа мураббийлиги борасида Карлош Кейруш номини тилга олмоқда. Яъни номзодлар орасида унинг тайинловини кутганлар бор экан. ЎФА кўплаб номзодлар қаторида Кейруш билан ҳам алоқага чиққан. У оилавий сабаблар билан Мозамбикда экани ва айни вақтда миллий жамоани қабул қила олмаслигини билдирган», - дея ёзади Даврон Файзиев телеграмдаги каналида.

Маълумот учун, португалиялик тажрибали мутахассис Карлуш Кейруш 2018 йилда ҳам, Эрон миллий жамоаси бош мураббийи эканида Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийлиги учун асосий номзод сифатида кўрилган, аммо у билан келишувнинг имкони бўлмагач, Ўзбекистонга аргентиналик мутахассис Эктор Купер олиб келинганди.

Муқаддам «Реал», «МЮ» клубларида, Португалия, БАА, ЖАР каби термаларда ҳам фаолият юритган Кейруш 2019 йилда Эронни тарк этиб, Колумбия миллий жамоасини бошқарган, 2020 йилда бу жамоадан ҳам истеъфога чиқарилганди. 68 ёшли мутахассис ҳозирда ишсиз.

Эслатиб ўтамиз, 12 август куни ЎФА Ўзбекистон терма жамоасига словениялик мутахассис Сречко Катанец бош мураббий бўлишини маълум қилди. Сентябр ойида унинг бошқарувидаги илк ўртоқлик ўйини Стокҳолмда Швеция термасига қарши бўлиб ўтади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид