Жамият | 15:57 / 14.08.2021
14334
2 дақиқада ўқилади

Нарпай тумани прокурори тадбиркорга таҳдид қилган бўлиши мумкин. Ҳолатни вилоят прокуратураси ўрганмоқда

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Нарпай тумани прокурори Камолиддин Жавдановга тааллуқли экани айтилаётган аудиоёзув тарқалди. Аудиода овоз эгаси қурилиш ишини кечиктираётгани учун тадбиркорни койиган, дарҳол ишни бошламаса, “майиб қилиши”ни айтган.

Прокурор ва тадбиркор экани айтилаётган икки эркакнинг суҳбати қуйидагича:

– Нимага ўйнаб юрибсан?

– Эртага одам туширамиз, эрталаб...

– Бекорни айтибсан. Ҳозир одам топиб келиб, туширасан. Тушунарлими? Сен иккалангни ҳам майиб қиламан. Аҳмоқ экансан-ку. Сен иккита аҳмоқни ким қўшди ўзи рўйхатга? 5-мактабни ҳам расвосини чиқаряпсан. Кел-да ҳозир иккаласини ҳам кўриб, телефон қиласан, тушунарлими? Топ Улуғбекингни.

– Келади ҳозир.

– Эй, менга қара, “одолжение” қилмай, “нормально” гапир. Кел-да, одамингни кўпайтир. Тушунарлими йўқми деяпман мен сенга!

– Одам бор. Айтдим-ку, ишда ҳаммаси, келади Каттақўрғондан.

– Қани “стяжка”ни бошлагани?

– “Стяжка” қилишни ўзи кеча кечқурун айтди.

– Улуғбекни топ, менга телефон қилсин.

– Ҳа, бўлди.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳолатга муносабат билдириб, мазкур аудиоёзувнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда ёзиб олинганини аниқлаш бўйича Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар тизимида иккинчи сектор прокуратура органларига топширилган.

Бир неча кун олдин Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани прокурори ободонлаштириш бошқармаси ходимларини ўз уйида ишлатгани маълум бўлган эди. Бу ҳолатни Бош прокуратура ўрганаётгани айтилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид