Жаҳон | 19:33 / 15.08.2021
8958
2 дақиқада ўқилади

Алиев Россиядан Арманистонга қурол етказишни тўхтатишини кутаётганини айтди 

Фото: РИА Новости

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Россиядан Тоғли Қорабоғ бўйича уч томонлама келишувнинг барча бандларини бажаришини кутаётганини айтди. У Москва Ереванни қуроллантиришни тўхтатишига умид қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Алиевнинг фикрича, Арманистон 2020 йилги Қорабоғ ихтилофи кескинлашгандан кейин юз берган ҳодисаларга кўникиб бўлган.    

“Россия Арманистонни қуроллантиришни тўхтатишини кутмоқдамиз, бироқ ҳозирча буни кўрмаяпмиз. Бу борада бир нечта, жумладан Россия томонидан баёнотлар бўлди. Россия мудофаа вазирлиги бир неча кун аввал Арманистонга қурол етказилиши бошланганини маълум қилди”, деб айтган Алиев CNN Turk телеканалига берган интервьюсида. 

Озарбойжон раҳбарининг таъкидлашича, Арманистон раҳбарияти ва халқи “янги вазият ва мағлубиятга кўникди”. Алиев бу нуқтайи назарини Никол Пашинян партиясининг Арманистондаги парламент сайловларида ғалаба қозонгани билан тушунтирган. “Мағлуб бўлган раҳбарият халқ ишончини олиши тарихда кузатилмаган ҳодисадир. Шу сабабли Арманистонни қуроллантириш ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди”, деб таъкидлаб ўтган Алиев.

Озарбойжон ва Арманистон бир-бирини чегарада бир томон иккинчи томонни ўққа тутишида мунтазам айблаб келмоқда. 12 август куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси Озарбойжон ҳарбийлари туташиш чизиғини кесиб ўтишга ҳаракат қилганини маълум қилган.

2020 йил сентябрь охирида Озарбойжон ва Арманистон ўртасида Тоғли Қорабоғда бошланган жанговар тўқнашувлар Боку, Ереван ва Москва ўртасида уч томонлама келишувнинг тузилиши билан барҳам топганди. Унга кўра, Арманистон мағлуб томон сифатида Тоғли Қорабоғдаги бир нечта туманларни Озарбойжонга беришга рози бўлган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид