Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бош прокуратура Сурхондарёда самолётлар тўқнашиб кетгани ҳақидаги баёнотини рад этди
Ўзбекистон Бош прокуратураси 14-15 август кунлари Афғонистон билан чегарада рўй берган воқеалар ҳақидаги баёноти янглиш берилганини маълум қилди.
Дастлабки баёнотда бортида жами 585 нафар афғон ҳарбийси бўлган 22 та ҳарбий самолёт ва 24 та ҳарбий вертолёт Ўзбекистонга ноқонуний кириб келгани, бу жараёнда Афғонистоннинг “Эмбрайер-314” самолёти Ўзбекистоннинг “МиГ-29” русумли самолёти билан тўқнашиб кетгани, ҳолат бўйича бевосита бош прокурор томонидан жиноят иши очилгани маълум қилинганди.
Расмий раддияда айтилишича, булар “охиригача аниқлаштирилмаган” маълумотлар бўлган.
“Қайд этиш керакки, ҳозирда Афғонистонда рўй бераётган ўзгаришлар дунё ҳамжамияти диққат марказида турибди. Тўлқинли воқеликлар туфайли аксарият одамларда турли-туман тушунчалар шаклланиб келмоқда.
Тан олиш зарур, ҳар доим ҳам бундай вақтда расмий манбалар ҳам айрим камчиликлар, яъни ахборот тарқатишдаги адашмовчиликлар, текширилмаган далиллар юзасидан маълумот бериб юбориши эҳтимолдан холи эмас.
Шу тарзда, Бош прокуратуранинг Telegram-каналида чоп этилган баёнот ҳам охиригача аниқлаштирилмай, мутасадди идораларнинг расмий текширилган маълумотларига таянмаган ҳолда чиқарилган.
Шу боис, Бош прокуратуранинг Telegram-каналига маълумотларни жойлаштириш учун масъул бўлган тармоқ ходимлари шошма-шошарлик билан чиқарилган мазкур баёнот учун расман узр сўрашмоқда.
Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслик учун тегишли чоралар кўрилди”, – дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Kun.uz бирламчи ахборотдаги айнан қайси маълумотлар хато бўлганига изоҳ сўраб, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди. У берилган маълумотларнинг ҳаммаси хато бўлганини билдирди.
Воқеалар аслида қандай бўлгани ҳақида текширилган ва тўғри маълумот бериладими, деган саволга жавобан Ҳаёт Шамсутдинов ҳозирча бу мавзуда қўшимча маълумот берилиши кутилмаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” ҳаракати Афғонистонни эгаллагач, Сурхондарёнинг Шеробод туманида номаълум сабабларга кўра Афғонистон ҳарбий ҳаво кучларига қарашли самолёт қулаб тушган эди. Бу ҳақда интернетда фото ва видеолар тарқалганди. Кейинчалик Бош прокуратура берган, айни пайтда хато дейилаётган хабарда эса афғон самолёти Ўзбекистон ҳарбий самолёти билан тўқнашгани айтилганди.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати Kun.uz саволига жавобан айни пайтда вазирлик вакиллари воқеа жойида ўрганишлар олиб бораётгани ва тез орада бу ҳақда аниқ маълумот берилишини маълум қилган эди.
16 август куни, шунингдек, бортида афғон ҳарбийлари бўлган иккита вертолёт Ўзбекистон ҳудудидаги пахта даласига қўнгани акс этган видео пайдо бўлди.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
15:06 / 15.05.2025
Ўзбекистон Афғонистондан чорва молларини импорт қилиши мумкин
17:22 / 14.05.2025
Афғонистон Ўзбекистонга Ҳирот оқ мармарини совға қилди
17:47 / 12.05.2025