Жаҳон | 08:03 / 17.08.2021
18285
2 дақиқада ўқилади

Ангела Меркель Афғонистондаги вазият юзасидан изоҳ берди

Фото: Reuters

Германия канцлери Ангела Меркелнинг таъкидлашича, Афғонистонда ғарб коалицияси мағлубиятга учради ва энди эътиборни одамларни қутқаришга қаратиш лозим. У бу ҳақда Христиан-демократик иттифоқи раҳбариятининг йиғилишида айтиб ўтди.

“Биз аянчли кунларни бошдан ўтказмоқдамиз. Энди эътиборни одамларни қутқаришга қаратмоғимиз лозим”, деб айтган канцлер Афғонистондаги вазиятга изоҳ бериб.

Меркель Кобул аэропортидан одамларнинг хавфсиз эвакуация қилиниши фақатгина америкалик ҳарбийларга боғлиқ эканини таъкидлаб ўтган.

Унинг айтишича, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши “домино эффекти”га олиб келди ва у 20 йил давомида мамлакатда шакллантирилган тартибни барбод қилди.

“Биз демократик тузилмага эга давлатни қуришни истагандик, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмадик. Афғонистон қуролли кучлари ва халқ ўртасида боғлиқлик бўлмаган. Бу биз ўйлаганимиздек чиқмади”, деб айтган Меркель.

У эндиликда эътиборни бундай аралашувлар билан нимага эришиш мумкинлиги, бошқа давлатлардаги сиёсий тузумларга нимани татбиқ қилиш мумкинлигига қаратиш лозимлигини айтган.

“Қўшинлар олиб чиқилиши борасидаги қарор янги динамикани ҳосил қилди. Бу демократия ва эркинликка ишонганлар, биринчи навбатда аёллар учун аянчли натижадир”, деб таъкидлаб ўтган Германия канцлери.

Меркель энди иложи борича кўпроқ одамларнинг хавфсизлигини таъминлаш лозимлигини айтган.

Аввалроқ Европа иттифоқи давлатлари Кобулдан ўз дипломатларини эвакуация қилиши маълум қилинганди. Италия, Франция, Германия, Финляндия, Швеция Афғонистондаги элчихоналарини ёпишга қарор қилган.

Мавзуга оид