Ўзбекистон | 22:23 / 17.08.2021
9206
3 дақиқада ўқилади

“Ўзгидромет” раҳбари: Тошкентда атмосфера ҳавоси ифлосланишига қурилиш, чанг ва иқлим ўзгаришлари ҳам сабаб бўляпти

17 август куни Гидрометеорология хизмати маркази масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Анжуманда масъулларга Ўзбекистонда йилига атмосферага қарийб 2,5 млн тонна заҳарли газлар чиқарилаётгани ва бу рақамлар йилдан йилга ўсиб бораётгани ҳақида савол берилди.

“Ўзгидромет” бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаевга кўра, ҳақиқатан ҳам 2018–2020 йиллар давомида транспорт воситаларидан ажралиб чиқадиган заҳарли моддалар миқдори 14 фоизга, турғун манбалардан чиқадиган заҳарли моддалар эса 62 фоизга ўсган.

“Бу фақат транспорт воситалари эмас. Унга оғир металлар ишлаб чиқариш ва қурилишда ишлатиладиган газлар ҳам киради. Биз бу кўрсаткич бўйича Тошкент шаҳридаги кўрсаткичларни алоҳида кузатиб борамиз. Тошкентда бу кўрсаткичлар кескин ошишига ҳақиқатан ҳам қурилиш, чанг ва иқлим ўзгаришлари сабаб бўляпти.

Биз вазирлик ва идоралар билан ўрганишлар ўтказганмиз. Бу балки саволингизга қисман жавоб бўлар. Қаранг, яқинда Тошкент вилоятидаги “Пирамида” дам олиш масканида бўронли шамол кузатилди. Бу йилнинг шу давригача иккинчи марта кузатилмоқда.

Бизда шамол йўлларининг хариталари бор. Биз бу йўллардан ташқари, шамол юрмайдиган йўллардан ҳам юрдик. Унга кўра, аҳоли томонидан чорвани олиб ўтиш, боқиш йўллари 2 йил ичида 15 баробарга кўпайган. Яъни яшил ҳудудлар ўрнида тошли йўллар кўпаймоқда. Бу ўз ўрнида қурғоқчиликка ҳам сабаб бўлади. Бу жойдаги оддий шамоллар эса бўронга кўтарилмоқда. Бу шамоллар эса Тошкентгача ҳам етиб келаётгани кузатилди.

Бу ҳам экология. Яъни фақат газ, заҳарли моддаларнинг ўзи эмас. Бизнинг асосий вазифамиз буларга чора кўриш эмас, кузатиш», – деди Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

“Ўзгидромет” бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев

“Ўзгидромет” раҳбари мамлакатда атмосферага чиқадиган 2,5 млн тонна заҳарли газларнинг 60 фоизи автотранспорт воситаларидан чиқадиган газлар ҳиссасига тўғри келиши ҳамда бу ривожланган давлатларда белгиланган стандартлардан 3 баравар кўплиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

“Бу содда қилиб айтганда “евростандартлар” дейишади. Биз бу рақамлар билан танишиб борамиз. Бу борада бензинни сифатлисига ўтказиб ҳам ўрганиш олиб боришган. Барибир натижа яхши эмас. Буни электрдан қувват олувчи автомобилларга ўтиш орқали камайтириш мумкин.

Бу кўрсаткичларни, шунингдек, катта-катта автомобил йўлларини қисқартириш ва автомобилларни камайтириш ҳамда одамлар кўпроқ пиёда юриши орқали ҳам яхшилаш мумкин.

Бу ерда жуда кўп факторлар бор. Йўллар, дарахтлар, сув камайиши, қурилишлар эса шамол юриш йўлларини ҳисобга олмай қилинаётгани натижасида ҳам бизда салбий натижалар юқори”, – деди у.

Мавзуга оид