Ўзбекистон | 09:01 / 17.08.2021
2274
2 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистондаги туманда 100 нафардан ортиқ мансабдор жавобгарликка тортилди

Тахиатош тумани прокуратураси томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида қонун талабларининг ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказилган. Унга кўра, 100 нафардан ортиқ мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. 157 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Хусусан, ўрганишларда йил бошидан туман бандликка кўмаклашиш марказига 3956 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат қилгани, аммо улардан атиги 482 нафари иш билан таъминлангани аниқланган.

Таҳлилларга кўра, аҳоли бандлигини таъминлашда юритилган ҳисоботлар фақат ташкилот томонидан юборилган фуқароларнинг йўлланмасига имзо қўйиб беришдан иборат бўлиб қолган. Ишсиз сифатида рўйхатда турган фуқаролар иш билан таъминланмаган.

Аниқланишича, 2020 йилда туманда 5 маротаба меҳнат ярмаркаси ўтказилиб, кўрсаткичлар фақат рақамларда акс этган. Аҳоли билан учрашувлар ва жойлардаги сайёр қабуллар эса ҳисоботлардаги рақамларнинг тескарисини кўрсатган. Энг ачинарлиси, давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилиб, аҳолининг кам таъминланган қатламларига иссиқхона ва сув насослари қурилиб берилаётган бўлса-да, марказ ҳамда жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмагани натижасида иссиқхонанинг деярли барчасидан мақсадли фойдаланилмасдан келинган.

Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш учун масъул бўлган ташкилотнинг ўзида ўтказилган текшириш натижасида 15 та ҳолатда қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. 3 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, етказилган 5 млн 400 минг сўм зарар ихтиёрий қопланган.

Қўшимча қилинишича, туман ҳудудидаги корхона ва ташкилотларда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида қўпол қонун бузилиши ҳолатлари мавжудлиги аниқланди. Хусусан, туман мактабгача таълим бўлими томонидан бошланғич нархни пасайтириш учун ўтказиладиган аукцион савдолари орқали эмас, балки қисмларга бўлинган ҳолда 61 та ҳолатда 117 млн 132 минг сўмлик давлат харидлари электрон дўкон орқали амалга оширилгани маълум бўлган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Қорақалпоғистонда транспорт вазири ва ҳоким ўринбосари жаримага тортилганди.

Мавзуга оид