Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Толибон» илк матбуот анжуманини ўтказди. Катта ваъдалар берилди
«Афғонистонда қонун ва тартиб ҳукмрон бўлади», дея эълон қилди мамлакат бошқарувига келган «Толибон» ҳаракати. Толиблар ҳеч кимдан қасос олишга уринмасликлари, аёлларнинг шариатдаги ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини айтмоқда.
Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаган «Толибон» ҳаракати илк матбуот анжуманини ўтказди. «Ал-Жазира» матбуот анжуманини трансляция қилди.
Ҳаракатнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид толиблар жаҳон саҳнасида ҳеч ким билан душманлик муносабатида бўлишни хоҳламаслигини айтди.
У толиблар Афғонистоннинг «тўқнашувлар майдони» бўлиб қолишига йўл қўймасликларини таъкидлади.
«20 йиллик курашдан сўнг биз чет элликларни қувдик ва бутун миллат учун ғурурланиш онлари келди», – деди Мужоҳид.
Унинг сўзларига кўра, «Толибон» ҳаракати аввалги ишлар учун ҳеч кимдан «қасос олишга уринмайди», ҳаракат «ҳаммани кечирди».
Бу хусусда гапирган ҳаракат мулозими Афғонистоннинг собиқ ҳукумати ҳарбийлари, халқаро кучлар билан ҳамкорлик қилганлар ва таржимонлар таъқиб қилинмаслигини қайд этди.
«Ҳеч ким сизга зиён етказмайди, ҳеч ким эшигингизни тақиллатиб бормайди», – деди у.
Мужоҳид толиблар бошқа мамлакатлар билан бевосита мулоқотга тайёрлигини яна бир бор таъкидлади. Унинг айтишича, мамлакатдаги барча элчихоналар ва ноҳукумат ташкилотлар тўлиқ хавфсизликда. «Толибон», шунингдек, мамлакат ҳудудидан бошқа давлатларга ҳужум қилиш учун фойдаланилишига йўл қўймаслик мажбуриятини олади.
Ҳаракат вакили мамлакатда аёллар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини, уларга шариатга риоя қилган ҳолда фаол турмуш тарзини олиб боришга имкон берилишини айтди. У шунингдек, аёллардан бутун тана ва юзни ёпиб турувчи бурқа эмас, ҳижоб тақиш талаб қилинишини билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги «минглаб мактаблар ишлашда давом этади».
Забиҳулла Мужоҳид янги ҳукумат мамлакат иқтисодиётини тиклашга эътибор қаратишини айтди.
«Иқтисодий вазият яхшиланади. Бунга эришиш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилаш учун жиддий чоралар кўрамиз», – деди у.
«Толибон» шакллантираётган ҳукумат аввалги ҳукуматдан яхшироқ ишлайди, деди Мужоҳид.
«Биз мамлакатни бошқарамиз, кейин эса бизнинг натижаларимизни бу ердан қочиб кетганларнинг натижаси билан солиштириб кўрасизлар», – деди у.
Шунингдек, толиблар янги ҳукуматни шакллантириш устида фаол ишлаётгани айтилди.
«Бу кучли исломий ҳукумат бўлади, бунга ваъда бераман. У қадриятларимизни ҳимоя қилади ва халққа хизмат қилади», – деди Мужоҳид.
Унинг қўшимча қилишича, ҳукумат бир неча кундан сўнг ўз ишини бошлайди.
«Шундан сўнг мамлакатда қонун ва тартиб ҳукмронлик қилади. Озгина сабр қилинглар», – деди «Толибон» сўзловчиси.
Толиблар вакили ҳаракат «уруш ва жангларни эмас, тинчлик ва барқарорликни» исташини айтди. Шу билан бирга, «жанг қилиш керак бўлса, бу қўлимиздан келади, ўзингиз кўрдингиз», деб қўшимча қилди у.
Толиблар Кобулни 15 август куни тўла эгаллади. Мамлакат президенти Ашраф Ғани ва қатор юқори мартабали амалдорлар Афғонистонни тарк этди.
Мавзуга оид
21:58 / 21.05.2025
АҚШ «Толибон»нинг террорчи ташкилот мақомини қайта кўриб чиқади
15:06 / 15.05.2025
Ўзбекистон Афғонистондан чорва молларини импорт қилиши мумкин
17:22 / 14.05.2025
Афғонистон Ўзбекистонга Ҳирот оқ мармарини совға қилди
17:47 / 12.05.2025