Ўзбекистон | 08:38 / 18.08.2021
13106
2 дақиқада ўқилади

“Қўшни қишлоқ узоқ, бу ерда эса шароит йўқ” — беморнинг уйида ишлаётган шифокор

Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Мадяровул маҳалласида оилавий шифокор пункти ходимлари беморнинг уйида ишлашмоқда. Сабаби – қишлоқда ОШП учун бино йўқ.

Aбдуҳалил Ғофуров 7-8-синфдан шифокорлик касбини танлаган. Қаҳрамонимизнинг танлаган касби уни олис қишлоқлар томон етаклади.

У Наманган вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири – Мингбулоқ туманидаги Мадяровул қишлоғига 1991 йилда кўчиб келиб, фаолият бошлаган.

Aбдуҳалил Ғофуров

Ғофуров узоқ йиллардан буён мадяровулликларнинг дардига шифо бўлиб келмоқда. Кўплаб кишилар унинг қўлидан шифо топган. Маҳалла аҳли нафақат саломатлик, балки ҳаётий масалаларда ҳам шифокордан маслаҳат олади.

Aфсуски, мутахассис бугун беморларни сарсонгарчиликда қабул қилмоқда.

Маҳаллада оилавий шифокорлик пункти ташкил этилмаган. Маҳалладаги тиббиёт ходимлари ва қаҳрамонимиз қўшни қишлоқдаги ОШП ходими ҳисобланади.

Аслида улар ўша қишлоқда ишлаши керак. Лекин масофа узоқлиги, аҳолининг у ҳудудга бориши учун туман марказига бориб, кейин қайтиб келишини ҳисобга олиб, маҳалла ҳудудида ОШП филиали очиб берилган. Шифокор ва ҳамкасблари маҳалладаги боғчанинг иккита хонасида фаолият юритиб келаётган эди. Боғча таъмирга тушгандан кейин жамоа кўчада қолди.

Муборахон Қўчқорова

Буни кўрган маҳаллада яшовчи Муборахон Қўчқорова тиббиёт ходимларига ўз уйида ишлашга шароит яратиб берди.

Қаҳрамонимиз ҳозирда шу ерда иш олиб бормоқда. Уй эгаси беморлиги сабаб, ҳовлисини фойдаланишга берган.

Мадяровул маҳалласи бу йил "Обод марказ" дастурига тушган.

Мутасаддилар шифокорлар учун шу атрофдаги тадбиркор биносидан жой ажратишини айтмоқда. Лекин қачон, қай тартибда, қандай шароитда экани ҳали номаълум.

Шундай бўлса-да, ўз касбининг фидойиси бўлган Aбдуҳалил Ғофуров беморлар дардига шифо бўлишда давом этмоқда.

Тоҳиржон Турсунов

Мавзуга оид