Жамият | 12:45 / 18.08.2021
16977
4 дақиқада ўқилади

Tashkent City ҳудудига кириш пулли экани конституциявий тамойилларга зид — ХДП

Халқ демократик партияси Tashkent City’га кириш пулли экани конституциявий тамойилларга зидлигини билдирди. Бу ҳақда партия томонидан Rost24.uz нашридаги мақолага билдирилган муносабатда айтилади.

Мақолада пойтахт марказида жойлашган 80 гектарли Tashkent City’нинг атрофи ўраб олиниб, кириш пулли қилингани, қолаверса, шаҳар ичидаги “давлатча”да ҳукуматнинг айрим карантин қоидалари амал қилмаслиги танқид қилинган.

ХДП матбуот хизмати ижтимоий тармоқдаги бу чиқиш турли фикрлар, постларга сабаб бўлгани, айримлар ўзбек жамияти ижтимоий табақаланишга юз тутаётганлигини, яна бошқалар пулдорларнинг ўзбошимчалигини танқид қилган бўлса, яна кимдир алоҳида қоидалар ишлайдиган лойиҳалар қуришга ҳожат йўқлигини баён қилишига эътибор қаратган.

Шунингдек, Халқ демократик партияси дастурий мақсадларида жамиятда кескин табақалашув содир бўлишига қаршилигига алоҳида урғу берилиши айтилган.

“Конституциянинг 18-моддасида «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар. Имтиёзлар фақат қонун билан белгилаб қўйилади ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши шарт” эканлиги белгиланган.

Қомусимизнинг 20-моддасида эса “Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт”, деб ёзилган.

Tashkent City ҳудудига кириш пулли экани мана шу тамойилларга зид, деб ҳисоблаймиз. Бундай табақалашув фуқароларнинг кайфиятига ёмон таъсир кўрсатади”, дейилади партия муносабатида.

Партия жамиятда барқарорликни сақлаб туриш учун ижтимоий кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган ижтимоий муаммоларни тезкор ҳал этиш зарурлиги ва бунинг учун Tashkent City’га кириш бепул бўлиши шартлигини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, Tashkent City Park'ка кириш 2020 йил 17 декабридан Янги йил муносабати билан пулли деб белгиланган эди.

Мажмуа маъмурияти байрам кунлари боғга фақат 5 ёшгача бўлган болалар бепул кириши мумкинлигини, 5–12 ёшли болалар ва пенсионерлар учун 5 минг сўм, 12 ёшдан катталар учун 10 минг сўм, автомобиль билан кириш учун эса 20 минг сўм нарх белгиланганини эълон қилган.

Кейинроқ, Kun.uz'га изоҳ берган Tashkent city халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси раҳбари Баҳром Ризаев боғга киришнинг пулли режими ҳозирча бир ой учун мўлжаллаганини, кейинчалик натижасига қараб иш тутилишини билдирган.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса паркларни сақлаб туришнинг бошқача чораси йўқлигини, Tashkent Сity'нинг қурилишига анча харажат кетганини айтган.

“Бир ойда 900 миллион сўм харажат кетади. Бир кунда ҳар битта фонтаннинг отилишига 1 миллион сўм кетади. Бунинг учун бюджетдан пул ажратилмайди”, деган эди шаҳар ҳокими.

Мавзуга оид