Ўзбекистон | 08:29 / 19.08.2021
3817
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» томонидан ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш регламенти тасдиқланди

Фото: hydromet.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Гидрометеорология ва атроф-муҳит ифлосланиши мониторинги соҳасида ихтисослаштирилган хизматлар кўрсатиш регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Гидрометеорология ва атроф-муҳит ифлосланишини мониторинг қилиш соҳасида ихтисослашган маълумотлар “Ўзгидромет” томонидан шартнома асосида тақдим этилади. Бу Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4896-сон қарорида белгиланган.

Ихтисослашган маълумотлар - истеъмолчилар сўрови бўйича сақлаш, таҳлил қилиш, қайта ишлаш ва тақдим этиш учун қўшимча иш ва харажатлар талаб қилинадиган мақсадли гидрометеорологик ва атроф табиий муҳитнинг ифлосланиши ҳақидаги маълумотлар.

Қарор билан тасдиқланган Регламент қуйидагиларни тақдим этиш тартибини ўз ичига олади:

  • давлат органлари ва ташкилотларига - ўзаро маълумотлар алмашинуви бўйича қўшма дастурлар асосида, жисмоний ва юридик шахсларга - Очиқ маълумотлар портали ёки “Ўзгидромет”нинг расмий сайти орқали умумий мақсаддаги тезкор ва прогностик маълумотларни тақдим этиш тартиби;
  • барча истеъмолчиларга ихтисослашган гидрометеорологик маълумотлар ва хизматларни тақдим этиш тартиби;
  • тегишли давлат органлари ва ташкилотларига телекоммуникация воситалари, “Ўзгидромет”нинг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ахборот ҳамда билдиришномалар кўринишида шошилинч гидрометеорологик маълумотларни тақдим этиш тартиби.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.08.2021 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид