Ўзбекистон | 21:27 / 20.08.2021
21402
2 дақиқада ўқилади

Қарийб 2 минг киши Афғонистондан Ўзбекистон орқали эвакуация қилинди — ТИВ

Ўзбекистон Афғонистондан эвакуация ишларини ташкил этган қатор давлатларга аэропорт ва логистика хизматларини кўрсатди. Ўзбекистонга қочиб ўтган 150 нафар афғон фуқароси ватанига қайтарилди.

Ўзбекистон қўшни Афғонистонда давом этаётган мураккаб вазият туфайли хорижий давлатларнинг мурожаатлари асосида уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, ҳозирги вақтда Германия, Россия, АҚШ, Швейцария, Австрия, Дания, Польша, Венгрия, Словакия ва Қозоғистон каби давлатларга Ўзбекистон ҳаво кенглиги ва аэропорт инфратузилмасидан фойдаланишга рухсат берилган ҳамда уларга зарур техник ва логистик хизматлар кўрсатилмоқда.

Маълум қилинишича, сўнгги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистондан 1982 нафар хорижлик фуқаро эвакуация қилинган.

Шунингдек, расмийлар Ўзбекистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқаролари масаласида “Толибон” билан музокаралар олиб борган.

“Толибон” раҳбарияти вакиллари билан ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилди.

Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди”, – дейилади ТИВ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Кобулдан эвакуация қилинаётган дипломатлар ва хориж фуқаролари учун Ўзбекистон “Тошкент-3” аэропорти терминалини ажратган.

Мавзуга оид