Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев: «Бундан буён доллар ёки евро курси ошиши тадбиркорга қўшимча муаммони юзага келтирмайди»
Бундан буён доллар ёки евро курси ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқот давомида айтиб ўтди.
“Сизлар томонингиздан кўтарилган масалалар билан атрофлича танишиб чиқдим. Шу боис, сизларни қийнаётган барча муаммо ва саволлардан тўла хабардорман. Бугунга қадар, энг долзарб муаммоларни тизимлашт́ириб, уларни ҳал қилишга қаратилган 7та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик. Бугун сизлар билан биргаликда уларни батафсил муҳокама қилиб олмоқчимиз.
Биринчи йўналиш. Сизлардан келиб тушган мурожаатларнинг 40 фоизи, бизнесни молиялаштириш ва молия-кредит масалалари билан боғлиқ. Жумладан, ушбу мурожаатларнинг асосий қисмида кредит ставкаларининг юқорилиги, ва кўплаб кредитларнинг қисқа муддатга, тадбиркор учун ноқулай шартларда берилаётгани қайд этилган.
Ҳақиқатан ҳам, тан олиб айтишимиз керак, тадбиркорларга бугунги кунда берилаётган аксарият кредитларнинг муддати 3 йилдан ошмайди. Шунингдек, банклар томонидан йиллик 8-10 фоиздан хорижий валютада 18 мингга яқин тадбиркорларга берилган кредит валюта курсининг мунтазам ўсиши ҳисобига қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда.
Бу ҳақда мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушгани ҳам ушбу масалалар тадбиркорликни ривожлантириш учун оғир юк бўлиб турганини кўрсатмоқда. Шу боис, тижорат банкларининг узоқ муддатли ресурс базаси ва кредитларнинг мақбул фоиз ставкаларини шакллантириш бўйича, кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришимиз талаб этилади.
Банкларнинг капиталини ошириш бўйича қўшимча имкониятлар ишга солинади. Бунинг учун келгуси йилда банкларга Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан бозор тамойиллари асосида қўшимча 600 миллион доллар ажратилади. Бу маблағлар танлов асосида ҳам давлат, ҳам хусусий банкларга жойлаштирилади. Қайси банк энг яхши бизнес режа, қайтими юқори ва энг кўп иш ўрни яратадиган лойиҳаларни тақдим қилса, ушбу маблағлар шу банкларга ажратилади.
Иккинчидан, юқоридаги маблағларни жалб қилмоқчи бўлган банкнинг ўзи ҳам ташқи ва ички молия бозорларидан камида 30 фоиз қўшимча ресурслар жалб қилади. Жумладан, банклар томонидан келгуси йили халқаро молия бозорларида 5 триллион сўмлик миллий валютада евробондлар чиқарилади.
Шунингдек, Ўзбекистон бозорида ишлашга тайёр бўлган, замонавий технологияларга эга йирик хорижий банкларнинг кириб келишига кенг имкониятлар яратамиз. Бу ҳам, ўз навбатида, тадбиркорларимиз учун қулай шароитлар тақдим этади ва банк тизимида биз учун ниҳоятда керак бўлган соғлом рақобат пайдо бўлади.
Бугунги йиғилишда қатнашаётган ҳар бир банк раҳбари “тобора кучайиб бораётган рақобатга муносиб бўлиш ҳамда тадбиркорларни рози қилиш учун, нимани ўзгартиришим керак”, деган саволни ўзига бериши ва жиддий хулоса қилиши лозим.
Учинчидан, банклар четдан ресурсни қандай валютада жалб қилишидан қатъи назар, тадбиркорларга кредитни миллий валюта – “сўм”да ва бизнес вакиллари учун мақбул фоизларда бериш тизими йўлга қўйилади. Валютада кредит олган ва бугун қийин аҳволга тушиб қолган юзлаб тадбиркорларимиз ушбу масалани ўз мурожаатларида кўтарганлар.
Молия вазирлиги ҳузурида Валюта хатарларини бошқариш компанияси ва ҳудудларда унинг филиаллари ташкил этилади. Ушбу компания банклар томонидан чет эл валютасида жалб қилинаётган маблағларни сўмга ўгириб, кредитни ички бозорда фақат миллий валютада бериш учун зарур шароит яратади.
Лўнда қилиб айтганда, бундан буён доллар ёки евро курсининг ошиши тадбиркорга қўшимча муаммо ёки ортиқча харажатларни юзага келтирмайди. Мазкур компания барча ҳудудлар ва тармоқлар билан яқин ҳамкорликда ишлайди.
Тўртинчидан, бундан буён ҳукумат томонидан халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинаётган имтиёзли маблағлар ҳисобидан банкларга бериладиган кредитларнинг муддатини чеклаш амалиёти бекор қилинади.
Бешинчидан, жорий йил 1 октябрдан бошлаб, илгари 1 миллион долларгача хорижий валютада олинган 6 мингга яқин тадбиркорнинг жами 1 миллиард долларга яқин кредитлари тадбиркор ва тижорат банклари ўртасидаги келишувга асосан миллий валютага ўтказиб берилади.
Умуман, юқорида таклиф этилаётган механизмлар ҳисобига тижорат банкларида ҳар йили ўртача 30-40 триллион сўмлик миллий валютадаги узоқ муддатли қўшимча ресурслар шаклланади. Булар ҳисобига, тадбиркорлар миллий валютадаги кредитларни узоқ муддатга ва ҳозирги ставкалардан камида 5 фоиз арзон олиш имкониятига эга бўладилар”, – деди президент ўз нутқида.
Мавзуга оид
14:35 / 18.02.2025
“Ёш тадбиркорлар” рақамли платформаси жорий этилади
11:50 / 18.02.2025
Наманганда газдан ўғринча фойдаланиб келган тадбиркор аниқланди
18:54 / 17.02.2025
«Қатъий белгиланган АОС коррупциянинг оёғига болта урганди, энди уни бекор қилишмоқчи» – солиқ маслаҳатчиси
22:20 / 11.02.2025