Иқтисодиёт | 11:43 / 22.08.2021
23811
3 дақиқада ўқилади

“5 йил эмас, ундан анча тезроқ” — Сардор Умрзоқов Ўзбекистон қачон ЖСТга аъзо бўлиши ҳақида

Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Ўзбекистон тайёрлаётган Фактологик хулоса Женевада маъқулланса, аъзолик жараёни анча тезлашади, деб маълум қилди бош вазир ўринбосари.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ОАВга берган интервюсида мамлакат Жаҳон савдо ташкилотига қачон аъзо бўлиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

“Муддатлар ҳақида гапиришни истамаган бўлардим, бироқ ўйлашимча, бу [сиз саволингизда айтганингиздек] 5 йиллик муддатдан кўра анча тезроқ рўй беради.

ЖСТга аъзо бўлиш – мен учун KPI кўрсаткичлардан бири. Бу масала бўйича менинг фаолиятимга ҳукуматда баҳо беришади”, – деди Умрзоқов.

Вазирнинг айтишича, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги бешинчи йиғилиши шу йил октябр ойида бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ишчи гуруҳнинг тўртинчи йиғилиши 2020 йил июлида бўлиб ўтган, бу билан Ўзбекистон ЖСТга аъзолик ҳаракатларини расман қайта бошлаганди. Маълумот учун, бу ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилиши 2005 йилда ўтказилган.

Айни пайтда бешинчи йиғилиш учун Фактологик хулоса тайёрланмоқда. Бу хулоса ЖСТга аъзо мамлакатлар билан икки томонлама музокаралар асосида тайёрланади ва у ташкилотнинг Женевадаги бош офисида маъқулланса, аъзолик жараёни кейинги босқичга ўтади.

“Кейинги босқичда аъзолик жараёнлари анча тезлашади. Биз шубҳасиз ЖСТга аъзо бўлишимиз керак. Бу бизга бошқа мамлакатлар бозорини очиб беради, инвестицион иқлимни кескин яхшилайди, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни бошқа давлатлар билан ҳаққоний рақобатда ютқазмаслик учун ўз маҳсулотлари сифатини оширишга ундайди”, – деди Умрзоқов.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун аризани 1994 йилда берган. Ҳозирда дунёнинг 164та давлати, шу жумладан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам ЖСТ аъзоси саналади.

Ўзбекистон ҳукуматида бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов мазкур ташкилотга аъзо бўлиш ишларини мувофиқлаштиришга масъул этиб белгиланган.

Мавзуга оид