Жамият | 16:52 / 22.08.2021
29225
5 дақиқада ўқилади

Эмланганлик ҳақидаги сертификатни қалбакилаштириш: ким кимни алдаяпти?

Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцинация тезлашгани фонида, эмланганлик тўғрисидаги сертификатлар сохталаштирилаётгани ҳақидаги гаплар қулоққа чалинмоқда.

Kun.uz мавзу юзасидан бир неча соҳа вакилларига мурожаат қилди.

“Сохта сертификат – ўз-ўзини алдаш”

Нурмат Отабеков, Республика коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси:

— Сохта ПЗР маълумотномалари сингари, қалбакилаштирилган эмланганлик сертификатлари ҳам пайдо бўлиши аниқ. Эмланганлик тўғрисидаги сертификатни сохталаштириб бераётган одамлар, менимча, ўз ота-онаси, қариндош-уруғлари, яқинлари, қолаверса ўзининг душмани. Сохта сертификат билан касалланган одам вакцина шаънига ёмон гапларни пайдо қилиб, эмланиш самарадорлигига салбий муносабатни шакллантириб, вакциналар сифатсиз деган миш-миш тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Майли, биз бир одамни алдармиз, жамоамизни алдармиз, лекин эртага биз касалликка чалинсак, уни уйимизга олиб кирсак, ота-онамизни дардга мубтало қилсак, норасида болаларни шикастласак, биз ўзимизга ўзимиз душманлик қилган бўламиз. Одамларнинг мусибатидан манфаат кўрар эканмиз, бу манфаат бизга ҳеч қачон юқмайди.

Ислом ёлғондан ва ёлғон гувоҳлик беришдан қайтаради

Ҳикматуллоҳ Тоштемиров, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими бош мутахассиси:

— Эмланганлик ҳақидаги ҳужжатни қалбакилаштириш ҳолатлари кўзга ташланяпти. Бунга динимиз нима дейди? Динимизда умумий қоида инсонлар ростгўй бўлишга чақирилади, ёмондан, ёлғондан қайтарилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) бизга ростгўйлик борасида намуна бўлганлар. У киши ҳатто Исломдан аввал ҳам ростгўй, ишончли деган эътирофга сазовор бўлганлар – Муҳаммад ал-Амин дейишарди.

Биз умматнинг ҳам асосий фазилатларидан бири ростгўйлик, ҳалоллик бўлмоғи даркор. Ротсгўйликнинг акси – ёлғон. Ҳозир гаплашиб турганимиз – вакцина олганлик ҳақидаги сертификатни сохталаштириш фақат инсоннинг ўзида қоладиган ёлғон ва алдов эмас, у бошқаларга ҳам дахл қилади.

Сўзимиз турли йўллар билан сертификатни қўлга киритишга уринаётганларга ҳам, шу ҳужжатни сохталаштириб бераётганларга ҳам тааллуқли.

Янги тартибга кўра, айрим муассасаларга ишчи-ходимлари эмланганлик шарти билан фаолият кўрсатишга рухсат берилди. Одамлар уларнинг эмланганига ишониб киради, уларнинг сертификати эса – сохта. Бу инсонлар ишончини суиистеъмол қилишдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Бизни алдаган биздан эмасдир”, деганлар.

Бошқа бир ҳадисда: “Сизларга энг катта гуноҳларнинг хабарини берайми?”, дедилар. Саҳобалар “Ҳа”, дейишди. Шунда айтдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш...” Шундай деганларидан кейин ёнбошлаб турган жойларидан ўтириб олиб, “Ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон гувоҳлик бериш...” деб қайтаравердилар, қайтаравердилар. Саҳобалар “Қанийди, у киши тўхтасалар”, деб қолишди.

Келинг, бировни алдашга уринмайлик. Вакцина олган бўлсак, олганимизни, олмаган бўлсак олмаганимизни рўй-рост айтайлик. Мусулмон сифатида дин-у диёнатимизни сақлайлик, Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларидек, жаннат йўлида юришга ҳаракат қилайлик, ростгўй бўлайлик. Шунда жамиятимизда муаммо бўлиб турган кўп масалалар ечими топилади, зеро адолат ва ростгўйлик тушунчалари доим ёнма-ён юради.

Ҳужжат сохталаштириш ҳам, ҳужжатнинг сохталигини била туриб ундан фойдаланиш ҳам жиноят

Адҳамбек Адбуллаев, Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти масъул ходими:

— Ҳозирда айрим фуқаролар вакцинага ишончсизлик кўзи билан қараб, уни олишдан бош тортишмоқда. Вакцина олганлик ҳақидаги сертификатларни қалбакилаштиришга ҳам уринишмоқда. Ҳурматли фуқаролар, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддасига кўра:

– сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш – БҲМнинг 50 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 

2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш эса БҲМнинг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб ўтамиз.

Шоакмал Исроилов тайёрлади.

Мавзуга оид