Business class | 16:40 / 23.08.2021
411631
8 дақиқада ўқилади

«MAKRO FARM ANDIJON»: шприц заводидан футбол клубигача бор муваффақиятли корхона

Kun.uz мамлакатда муваффақиятли бизнес юритиб келаётган корхоналар билан таништиришда давом этади. Бугунги таништирув Андижондаги 1 200 киши ишлайдиган «MAKRO FARM ANDIJON» корхонаси ҳақида.

MAKRO FARM ANDIJON» 57 турдаги дори-дармон воситалари ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар ички бозорда сотилишдан ташқари экспорт ҳам қилинади. Шунингдек, корхона таркибида одамларга тиббий хизмат кўрсатувчи даволаш масканлари ҳам мавжуд. Текстил ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқарадиган йирик корхона «Андижон» футбол клуби таъсисчиси ҳам ҳисобланади.

MAKRO FARM ANDIJON» жамияти раҳбари Журъатбек Қувватов корхона фаолияти ва режалаштирилаётган янги лойиҳалар билан таништирди.    

Корхонамиз тарихи 2008 йил Тошкент фармацевтика институтини битириб, Андижонга қайтиб дорихона очганимдан бошланган. Секин-секин дорихоналар сонини кўпайтирдик. Сўнгра ишларимиз юришиб, ўзимизга жойлар сотиб олганмиз. Шу билан иш фаолиятимиз бошланган.

Корхонамизни оилавий корхона деса ҳам бўлади. Чунки бошланишида дадам, укам бирга бошлаганмиз. 2016 йил ҳар битта дорихонага доривор ўсимлик хомашёсини қадоқлаш мажбурияти қўйилган. Андижонда ҳозирги кунда 1 200 та дорихона бўлса, ҳаммасига мажбурият қўйилган. Ўша пайтда, тўғриси, тушунмаган эканмиз. Шунча ўтни, шунча доривор гиёҳни нима қиламиз, бу нимага керак, деб ўйлаган эканмиз. Энди қарасам, авваламбор президентимизга раҳмат, биринчи қадоқлашни ўргандик, қарасак, қадоқласа доривор гиёҳлар яхши кетяпти. Муҳими, хомашё ўзимизда чиқади. Ўзбекистон иқлими яхши бўлгани учун доривор гиёҳларимиз жуда кўп. Хуллас, қадоқлашни ўргандик, уни сотишни ўргандик, кейин битта-иккитасини қўшиб, чой қилиб сотишга ўтдик. Кейин қизиқиб қолиб, улардан сироп кўринишидаги дори воситалари ишлаб чиқаришни бошладик. Ундан кейин таблеткалар, сўнг суртма дорилар ишлаб чиқарганмиз.

Бошланишига 70 та янги иш ўрни яратдик. Кейин қарасак, шу соҳанинг ичига кириб қолибмиз. 2017 йил Сингапурга бутунжаҳон фармацевтика саноати ярмаркасига бордик. У ерга бориб, тўғриси, дунёқарашимиз бутунлай ўзгариб кетди. Яна у ердаги асбоб-ускуналар, технологияларни кўриб, кўп нарсаларни ўрганиб келдик.

Тадбиркорлар билан танишдик. Вилоят ҳокимлиги маълумотлар тақдим этди, биринчи ўринда импорт бўлиб келаётган дори воситалари рўйхатини олдик. Қайси дори воситалари Ўзбекистонга кўп импорт бўлиб келяпти, шуларни ўргандик. Улардан қайси бирини чиқарсак бўлади, уларнинг ичидан танлаш имконияти бор эди, биз тиббий буюмлар чиқаришни танладик. Бошланғич босқичда иккилик, бешлик, ўнлик шприцлар, қолаверса, инфузион системалар чиқаришни бошладик.

Билсак, бозор жуда катта, Хитойдан жуда кўп импорт бўлиб келяпти, етказиб бўлмаяпти. Бозори нақдлиги учун шу нарсани танлаганмиз.

2017 йилда юртбошимизнинг Андижонга бўлган ташрифлари чоғида шу лойиҳамиз тақдимотини ўтказганмиз. Юртбошимиз маъқуллаб, бу лойиҳани тезлатиш кераклиги ҳақида топшириқ берганлар.

Ҳамма корхоналаримизни ҳисобга олганда, 1 200 нафардан ортиқ ишчимиз бор. Лекин бошланиши кичкина-кичкина нарсалардан бошланган. Шуни айтиб ўтишимиз керакки, Андижон вилоятида саноат ривожланишига бўлаётган эътибор катта. Жуда яхши шароитлар яратиб беришган. Энди ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, тўғриси, баъзида ўзимга ҳам эртакка ўхшаб кетади. Мана, 2016 йилда битта корхонани очдик, 2018 йилда иккинчисини очдик, ҳозирги кунга келиб, улардан ташқари шу соҳамиз тиббиётга боғлиқ бўлгани учун, фармацевтика бўлгани учун, ўйладик, хусусий тиббиёт муассасалари қуришимиз керак экан. Ҳозирги кунда учта тиббиёт муассасасини қуриб битказиб, фойдаланишга топширдик.

Ҳаммасини, койкалар сонини ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 700 нафар беморга жойларимиз бор. Керакли жиҳозларимиз, асбоб-ускуналаримиз бор. Яхши малакали шифокорларимиз, мутахассисларимиз ва ҳамшираларимиз бор.  Қолаверса, озиқ-овқат саноатида ўзимизнинг ишлаб чиқаришимизни йўлга қўйганмиз: қандолат цехимиз бор, текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехимиз бор.

Ўзбекистондаги тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, ҳар хил турдаги эластик бинтлар, корсетлар каби 23 турдаги тиббий буюмлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Фармацевтика соҳасида ишлаб чиқараётган ҳамма маҳсулотларимиз ҳозирги кунда 57 хилдан ошди.

Ишлаб чиқаришга киргандан кейин барака ва фойда катта эканлигини билдик. Қолаверса, биринчи ўринда одамларга фойдамиз тегяпти. Қанчадир одам ишлатяпмиз, улар биз орқали оиласини боқяпти. Янги иш ўринлари яратиляпти.

Ҳозирги кунга келиб, умумий иш йўлимизда ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, 25 млн АҚШ долларига яқин қурилиш ишларини амалга оширдик. Бунинг орқасидан 1 200 иш ўрни яратилди, янги лойиҳаларимиз кўп», дейди Журъатбек Қувватов.

«MAKRO FARM ANDIJON» Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон давлатларига йилига 2 млн долларлик шприц экспорт қилмоқда. Корхона айни пайтда ИЛАК деган сертификатни олиш жараёнида турибди. Мазкур сертификат маҳсулотларни Европа давлатларига ҳам сотиш имкониятини беради.

«MAKRO FARM ANDIJON» томонидан бунёд этилган «Med Siti» соғломлаштириш мажмуасида бўлдик. Маскан қаровсиз ҳолда ётган бинолар ўрнига қурилган бўлиб, Андижондаги энг кўркам, тиббий хизматлари сифатли бўлган сиҳатгоҳлардан биридир. Мажмуадаги ходимларнинг катта қисми хорижда таълим олган малакали мутахассислардир. Даволаниш бир бемор учун кунига 200 минг сўм. Уч маҳал овқат, физиотерапия муолажалари, бассейн, сауна каби шароитлар мавжуд. Шу 200 минг сўмнинг ичида.

«Мажмуамизнинг қурилиши, жиҳозланиши олий даражада деб ўйлайман. Бу тўланадиган ҳаққа халқимиз оғринмасдан, хурсанд бўлиб келиб, даволаниб кетишяпти. Ҳар куни долзарб мавзу – жой борми? Тўғриси, телефонни баъзида ўчириб қўйгимиз келади шу жой муаммоси туфайли. Ҳозир энди режа қилиб турибмиз. Яна бино-иншоот қуриб, беморлар учун жойлар сонини камида 300 тага олиб чиқиш режамизда бор. Қиммат бўлмаган нархларда, албатта», дейди Ж.Қувватов.

«MAKRO FARM ANDIJON» ҳозирда «Андижон» футбол клубининг таъсисчиси ҳисобланади. Журъатбек Қувватов футбол клубининг бугуни ва эртаси ҳақида шундай деди:

«Йиллар давомида ўзимизнинг футбол жамоамизни тузишни, уни биринчи лигада ўйнатишни, кейинчалик Олий Лигага олиб чиқишни ўйлардик. Қолаверса, ходимларимиз кўплиги учун улар ўртасида мунтазам чемпионат ўтказилади. Бу чемпионатда 16 жамоа иштирок этади. «Андижон» клубининг собиқ раҳбарияти молиявий банкротлик эълон қилгач, бизга клубни қабул қилиб олиш таклифи билдирилди ва биз рози бўлдик.

Ўтган йили август ойида клубни қабул қилиб олганмиз. Тўғри, ҳозирги кунда натижаларни зўр деб бўлмайди. Лекин ўзига яраша режаларимиз бор. Булар бир йил ёки икки йилда ўз мевасини кўрсатадиган режалар эмас. Чунки биз бунга ҳали тайёр бўлмагандик. Керакли жамоани тузяпмиз. Мухлисларга ҳам ваъда берганмиз, уч йилда бошқача «Андижон»ни кўрамиз. Уни кўриш учун ўзига яраша чиғириқлардан ўтиш керак экан. Академиямиз бўлиши керак, инфратузилмамиз яхши бўлиши лозим. Секин-секин бу ўзининг натижасини беради, деган умиддаман».

«MAKRO FARM ANDIJON» раҳбари асосий мақсади жамиятни гигант корхонага айлантириш эканини айтди.

«Мақсадимиз ходимларимиз сонини кўпайтириш, «MAKRO FARM ANDIJON» оиласини янада кенгайтириш. Оиламиз кенгайса, корхонамиз барқарор бўлса, ходимлар яхши-яхши ойлик олади, яхши ойлик олса, уйида тинчлик бўлади. Шунингдек, Ўзбекистонимиз ривожланишига ўзимизнинг қўлимиздан келганча ҳиссамизни қўшишни хоҳлаймиз», дейди Журъатбек Қувватов.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид