Ўзбекистон | 11:52 / 23.08.2021
5774
2 дақиқада ўқилади

Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон орқали 2 мингга яқин чет эл фуқароси эвакуация қилинган – Шерзод Асадов

Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон орқали 2 мингга яқин чет эл фуқароси эвакуация қилинган. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов ОАВ учун анъанавий брифингда маълум қилди. 

“Ўзбекистон президенти 17-18 август кунлари Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер ва федерал канцлер Ангела Меркель билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу суҳбатларда икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳозирги кунда, биласиз, Афғонистондан Германия фуқаролари, немис тузилмаларида ишлаган маҳаллий ходимлар, ва ёрдамга муҳтож афғонлар Ўзбекистон орқали эвакуация қилинмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг инсонпарварлик, тинчликсеварлик сиёсатининг яна бир ифодаси бўлди. Бунинг учун Германия томони Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди. 

Мулоқотда икки мамлакатнинг позиция ва ёндашувлари мос экани таъкидланиб, олий ва юқори даражадаги мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олинди.

Умуман, Ўзбекистон қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият муносабати билан, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавобан, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик руҳида қатор давлатлар билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали 2 мингга яқин чет эл фуқароси эвакуация қилинган”, деди президент матбуот котиби.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид