Афғонистондаги сиёсий вазият ва кутилмалар. «Толибон»нинг қўшниларга таъсири ҳақида эксперт билан суҳбат
Kun.uz «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши омиллари, Афғонистондаги сиёсий вазият ва охирги ўзгаришлар юзасидан сиёсий фанлар буйича фалсафа доктори, афғоншунос Акрам Умаров билан интервью уюштирди.
— АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари «Толибон»нинг ҳокимиятга келишига деярли қаршилик кўрсатмади? Буни қандай изоҳлаш мумкин?
— Умумий таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, «Толибон» қисқа муддатда, бир неча ҳафта ичида деярли бутун Афғонистонда ўз ҳокимиятини ўрнатди. Қизиқ жиҳатларидан бири шуки, АҚШ ва Ғарб давлатлари бу жараёнга деярли аралашмади. Тўғри, ушбу масала бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилди, Ғарб мамлакатларининг баъзилари ўз ташқи ишлар маҳкамалари орқали муаммо тинч йўл билан ҳал қилиниши бўйича чақириқларини эълон қилишди. Лекин реал ишлайдиган механизмлардан фойдаланилмади. Масалан, АҚШ бу жараённи тўхтатиш ниятида бўлганида «Толибон»га нисбатан кескин позициясини эълон қилиши ва турли санкциялар ёки «Толибон»ни қўллаб-қувватлаши гумон қилинадиган мамлакатларга қарши иқтисодий ва сиёсий чоралар белгилаши ҳам мумкин эди. Бу эса жараённи тўлиқ тўхтата олмаса ҳам, секинлаштирган бўларди.
Бошқа томондан, АҚШ ўз ҳарбийлари чиқиб кетишини олдиндан эълон қилганди ва бу айнан Жо Байден администрациясининг кескин қарори эмас, балки федерал даражада келишилган масала эди. Бу жараён республикачи президент Дональд Трамп даврида бошланганди ва Жо Байден келганидан кейин бу сиёсат ўзгариш-ўзгармаслиги бўйича савол бор эди. Лекин ҳукуматга келган пайтдаёқ, янги президент Афғонистондан АҚШ ҳарбийлари олиб чиқилиши бўйича қарор ўзгармаслигини таъкидлади. Балки, шу сабабли ҳам «Толибон» ҳокимиятни эгаллашига кескин қаршилик кўрсатишмади.
Қўшма Штатларда ҳам барибир «Толибон» Афғонистон ҳудудининг катта қисмини эгаллаши бўйича кутилмалар бор эди ва бу жараён 4-5 ой ичида амалга оширилишини тахмин қилишганди, аммо ўзлари учун ҳам бу ҳодиса бир неча ҳафта ичида рўй бериши кутилмаган ҳолат бўлди.
Бошқа томондан, вазиятга баҳо берадиган бўлсак, кураш дастлаб Афғонистон жанубида рўй берди. Қандаҳор, Лашкаргоҳ, Ҳирот шаҳарлари учун курашда Афғонистон кучлари жонбозлик кўрсатишди. Аммо Афғонистон шимоли ва марказий қисми деярли урушсиз олинди. Шу сабаб савол пайдо бўлиши мумкин, бу жараён қанчалик табиий рўй берди? Балки, биз ҳали илғамаётган, кўрмаётган келишувлар бўлиши мумкин ва булар яқин орада аста-секин маълум бўла бошлайди.
— Кўпчилик экспертлар «Толибон»нинг ҳокимиятга келишини бевосита Покистоннинг ғалабаси сифатида эътироф этишмоқда. Афғонистондаги сўнгги воқеаларга Покистон қанчалик таъсир ўтказди?
— Ўзи бу жуда кенг тарқалган қараш – Покистонни кўп марта «Толибон»ни қўллаб-қувватлашда айблашади. Нафақат айблашади, балки Покистонни «Толибон»ни тузган ва бошқариб келаётган куч деб ҳам билишади.
Менимча, бу бироз бўрттирилган тушунча. Албатта, Покистон 90-йилларда «Толибон» шаклланишида катта рол ўйнаган, унинг раҳбариятини тайинлаш, мафкурасини ишлаб чиқишда бевосита таъсир кўрсатган. «Толибон» пайдо бўлган даврдан бери 27 йил ўтиб кетди. Ҳозирги «Толибон» ўша 90-йиллардаги куч эмас, маълум трансформация жараёнлари рўй берди. Улар охирги пайтларда кўплаб давлатлар билан расмий учрашувлар ҳам ўтказди. Шу сабаб «Толибон»ни Покистонга тўлиқ боғланиб қолган куч сифатида эътироф этиш бироз бўрттириш, деб ўйлайман.
Иккинчидан, «Толибон»нинг ичида ҳам бўлинишлар мавжуд. Ҳаракат таркибида таъсирга эга бўлган раҳбариятдагилар маълум ҳудудларда ўз таъсири ва офисларига эга. Ҳозирда уларнинг тасдиқланганлари 3та: Пешавор шуъбаси, Кветта шуъбаси (булар Покистонда) ва Машҳад шуъбаси (2010 йилда Эрон ҳудудида очилган).
Булардан ташқари «Толибон» ичида ҳарбий операцияларга жавоб берадиган, бу ишларга жалб қилинадиган, Ҳаққоний бошчилигидаги гуруҳ мавжуд. Бу гуруҳ ҳам ҳаракат доирасида ўз автономига ва сўзига эга. Кўпчилик манбаларга кўра, айнан Кветта шуъбаси ва Ҳаққоний бошчилигидаги гуруҳ бевосита Покистон билан алоқалар ўрнатган. Шуни унутмаслик керакки, «Толибон» ҳаракати шаклланишидан бугунги кундаги фаолиятигача Покистон жуда катта таъсирга эга, лекин уни тўлиқ назорат қилади, деган қарашларга қўшилмайман. Сабаби, «Толибон»нинг ичида ҳам бўлинишлар бор, ҳаракат вертикал иерархия эмас, балки горизонтал иерархия. Бу шуни англатадики, маълум бир раҳбарият бор, лекин улар марказлаштирилган бошқариш қобилиятига эга эмас. Умумий мафкура ва стратегия ишлаб чиқилади, ҳудудларда уни амалга ошириш билан жойлардаги маҳаллий қўмондонлар шуғулланади.
— 90-йилларда ҳокимиятда бўлган ва ҳозирги «Толибон» ҳукумати ўртасида қандайдир фарқлар борми? Ўтган давр мобайнида қандай ўзгаришлар бўлди?
— Бунга тўлақонли баҳо беришга ҳали бироз вақтли деб ўйлайман, чунки «Толибон» ҳали расмий равишда ҳокимиятни тўлиқ олгани ҳам йўқ. Кобулни эгаллашди ва де-факто Афғонистон ҳудудининг 95 фоизи «Толибон» назоратида. Юридик жиҳатдан эса ҳали уларнинг ҳукумати тасдиқланмади, яъни олдинги ҳукуматдан бошқарув ваколатлари ўтказилмаган. Легитимизация жараёни тўлиқ тугамади.
Лекин ўтган бир неча кунда «Толибон»нинг ҳаракатларидан келиб чиқиб бир қанча хулосалар чиқаришган. Улар ўз фаолияти давомида мақсадларига эришишда фундаментал ғояларни илгари сурадиган, экстремистик куч сифатида террористик механизм ва воситалардан ҳам фойдаланишган. Уларга кўплаб айбловлар қўйиларди: инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, аёллар ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклаш, таълим чекловларини ўрнатиш, душман деб ҳисобланадиган томонга радикал чоралар кўриш. Лекин «Толибон» бу эътироз ва кутилмаларни эътиборга олганга ҳам ўхшаяпти. Ўтган бир неча кунда улар шуни намойиш этишга ҳаракат қилишяптики, аёллар ҳуқуқи ислом шариати қоидалари доирасида таъминланади. Уларнинг таълим олиш, ишлаш ҳуқуқларини чекламаслик, фақатгина диний талабларга риоя қилишса, етарли бўлиши айтилмоқда.
Шунингдек, ҳукуматдан кетган афғон расмийлари ва давлат хизматчиларига зарар етказмасликка ваъда бериляпти.
Авваллари, Афғонистондаги пуштунлардан бошқа этник бирликлар, ўзбеклар, тожиклар, ҳазораларга нисбатан кескин ҳаракатлар қилиниши ҳақидаги айбловлар қўйиларди. Ҳозир ушбу этносдаги одамларга тазйиқ ўтказишни тўхтатиб, уларни ўз томонларига оғдиришга ҳаракат қилишяпти. Имкон қадар улар билан ҳам конструктив алоқалар ўрнатиш йўллари изланяпти.
— АҚШнинг чиқиб кетиши натижасида катта вакуум вужудга келди. Бу вакуум минтақада катта таъсирга эга бўлган Хитой ёки Россия томонидан тўлдирилиши мумкинми?
— Бу ҳозирда жуда кўпчилик томонидан муҳокама қилинаётган масалалардан бири. Хўш, Ғарб давлатлари чиқиб кетишди, уларнинг ўрнини ким эгаллайди? «Толибон»нинг ўзи ҳам охирги чиқишларида таъкидлаяптики, улар Покистон, Россия ва Хитой билан ҳамкорлик ўрнатган ва яхши алоқаларга эга. Россияда ҳали ҳам «Толибон» тақиқланган гуруҳ бўлишига қарамай, бу икки томонлама алоқаларнинг ривожланишини чекламаяпти.
Юқоридаги саволга жавоб беришда иккита жиҳатга эътибор бериш керак. Биринчидан, АҚШ ва унинг иттифоқчилари бу ҳудуддан қўшинларини олиб чиққани билан таъсирини ва имкониятларини йўқотади, дея олмайман. Яъни улар энди бу ҳудудга умуман қизиқиш билдирмайди дегани эмас. Ҳозирги жараён бугунги кунда АҚШ олиб бораётган кенг қамровли глобал сиёсатга бориб тақалади. Байден администрацияси Россия ва Хитой билан ҳарбий рақобатда ютқазмаслик учун ўз ресурсларини тийишга ҳаракат қилмоқда. Шу сабабли Ироқдан ҳам йил сўнгигача ҳарбийларни қисқартириш ва чиқиб кетиш сиёсатини эълон қилишган. Бу ўзгаришлар АҚШнинг янги глобал сиёсати принциплари доирасида амалга оширилмоқда. Айтиб ўтганимдек, ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш бу ҳудудга нисбатан сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик нуқтайи назаридан уларнинг қизиқишларини камайтирмайди. Бунда улар Яқин Шарқдаги имкониятларини ишга солиши мумкин.
Иккинчидан, Россия ва Хитой нуқтайи назаридан қарасак, ушбу давлатларда бу вакуумни тўлдириш учун қанчалик хоҳиш бор? Афғонистон ҳудудига кирмоқчи бўлган давлат бу ердаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишга тайёр бўлиши керак. Бу, албатта, фақатгина маънавий ва руҳий далда бўлмайди, сиёсий ва молиявий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришлари ҳам керак. Бу нарсаларга Россия ёки Хитой томони қанчалик тайёрлиги ҳам ўзига яраша ноаниқ ҳолат.
АҚШ ўз ҳарбийларини сақлаб туришнинг ўзигагина 4-5 млрд доллардан зиёд пул сарфлаган. Бу фақатгина шу йўналишнинг ўзига. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини ривожлантиришга ҳам анчагина маблағ йўналтирилган. Агар кимдир Афғонистонда доминант куч бўламан деса, шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олишига тўғри келади. Менимча, айни пайтда Россия ҳам, Хитой ҳам бундан тўлиқ манфаатдор эмас.
Россия ҳам, Хитой ҳам ўз манфаатларини ҳал қилиш учун кўпроқ «Толибон» билан келишиб, музокаралар ёрдамида бунга эришишга ҳаракат қилса керак.
— Афғонистондаги айни вазият Марказий Осиё давлатларига қандай таъсир кўрсатади? Хавфсизликка янги таҳдидлар юзага келиш эҳтимоли қай даражада? Чунки минтақадаги учта давлат Афғонистон билан бевосита чегарадош.
— Бу ҳам аслида «Толибон»нинг қанчалик ўзгарган ёки ўзгармаганига ҳам бориб тақалади.
Биринчидан, «Толибон» ҳокимиятга келишида чуқур ўйланган тактикани ишлатди. Улар 90-йиллардаги тажрибасидан тўғри хулоса қилишган. Ўша пайтда улар жанубдан ҳаракат қилиб, қисқа муддатда Кобулни эгаллашганди. Лекин кейинчалик шимолга қараб ҳаракат қилишганда кўплаб муаммоларга дуч келишган. Бу ҳудудда шаклланган Шимолий Альянс қаршилик кўрсатган, натижада, улар Афғонистонни тўлиқ ўз назоратига ололмаган. Шу сабабли, улар бу сафар шимолни эгаллашга катта урғу беришди. Дастлаб Бадахшон ва Қундуз вилоятларини тезда эгаллашди. Кейинчалик эса маршал Абдулрашид Дўстумнинг таъсири катта бўлган Жузжон вилоятини ва охирда Ўзбекистон билан чегара яқинидаги Мозори Шарифни эгаллашди. Шундан кейингина асосий эътибор пойтахт Кобулга ва бошқа ҳудудларга қаратилди. Улар ўзларига потенциал хавф туғдириши мумкин бўлган кучларни бартараф этишдан бошлашди.
Бундан ташқари, «Толибон» тактикасининг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, улар қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларини ҳам тўлиқ ўз назоратига олишди. Чегара ҳудудларини назорат қилиш божхонадан келадиган катта маблағни ўзлаштиришга ёрдам берса, бошқа томондан бу ҳукумат қўшинларининг таъминотига зарба беришда ҳам катта ҳисса қўшган. Ўз-ўзидан чегара назорати кетганидан кейин ҳукуматда таъминот бўйича жиддий муаммолар пайдо бўларди.
— «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши натижасида биз учун қандай масалалар кўтариляпти?
— Охирги 20 йил давомида Афғонистонда ўзига хос статус-кво шаклланди. Яъни маълум кучлар бор, улар ўз қурол-яроғига, таъсир доиралари ва молиявий манбаларига эга. Лекин уларнинг ҳеч қайси бири бу ҳудудни тўлиқ назорат қилиш имкониятига эга эмас. Доимий зиддият, доимий можаро. Балки, «Толибон» бутун Афғонистон ҳудудини эгаллаши (фақат Панжшер вилоятидан ташқари) натижасида ягона марказий кучнинг пайдо бўлиши биз учун режалаштирилаётган инфраструктура лойиҳаларини амалга оширишни осонлаштириши мумкин. Лекин бу қисқа муддатда рўй бермайди.
Тўғри, айни вазиятда «Толибон» ҳокимиятга келиб, ўз ғояларини амалий сиёсатга йўналтириши керак. Бироқ ўрта ва узоқ муддатда бу фойдали бўлиши ҳам мумкин. Кўплаб лойиҳалар: электр линияси, темир йўл қуриш, интернет тармоқларини ўтказиш ишлари тўхтаб қолди. Биргина темир йўл қурилиши ҳақида гапирадиган бўлсак, бунда энг катта муаммо унинг турли ҳудудлардан ўтишида эди. Бир ҳудуд ҳукумат қўшинлари назоратида бўлса, яна бир ҳудуд «Толибон» назоратида, бошқа бир ҳудудда эса маҳаллий бир қўмондон борки, у расман марказий ҳукуматни тан олса-да, унга бўйсунмайди. Бу эса темир йўлни қуришни ҳам, лойиҳалаштиришни ҳам қийинлаштирарди ва сарфланадиган маблағ миқдорини кўпайтирарди. Албатта, рисклар кўпайган сари, унинг қиймати ҳам ошиб бораверади.
Балки ягона кучнинг бўлиши улар билан келишишни, шунақа лойиҳалар хавфсизлигини таъминлашни ҳам осонлаштирар. Бу қанақадир ижобий кутилма. Лекин ҳозиргача бизда жуда кўп ноаниқликлар бор. «Толибон»нинг ҳукуматга келганига кўп бўлмагани боис улар қанақа сиёсат олиб бориши, қайси йўлдан боришини аниқ билмаймиз.
Биз учун салбий чақириқ ва таҳдидларга тўхталиб ўтадиган бўлсам, «Толибон» ҳозирги кунгача ҳам ташкилий ва ғоявий жиҳатдан фундаменталист диний ташкилот. Ўз режаларига эришиш ва сиёсатини амалга оширишда террористик актларни амалга оширишдан ҳам тап тортмаган. Диний экстремизм ва радикализм муаммолари мавжуд бўлган Марказий Осиё минтақасида бундай кучнинг ҳокимиятга келиши маълум бир даражада бу ҳудудда ўз радикал ҳаракатларини амалга ошираётган бошқа гуруҳларнинг руҳланишига ва интилиш моделини яратишига имкон бериши мумкин. Бу ўз навбатида салбий чақириқ.
Иккинчи масала, Афғонистонда 300 мингга яқин армия ва полиция кучлари шакллантирилган, улар Ғарб давлатлари томонидан тўлиқ қуроллантирилганди. Энди бундай катта миқдордаги қурол-яроғнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Бу аслаҳаларни «Толибон» тўлиқ назорат қила оладими? Бу қурол-яроғлар қора бозорга чиқиб кетса ёки бошқа экстремистик гуруҳлар қўлига ўтиб қолса, минтақа учун таҳдидларни кўпайтириши мумкин. «Толибон» билан музокара жараёнларида шу жиҳатга ҳам катта эътибор бериш керак.
Учинчи масала, шу пайтгача Афғонистондаги наркотрафик савдоси бизнинг минтақа учун жуда катта муаммо бўлиб келган. 90-йилларнинг охирида, биринчи марта «Толибон» ҳокимиятда бўлган пайтда наркотрафик савдоси эффектив тарзда чекланган. Кўп миқдордаги наркотрафик миқдорини кескин камайтиришга эришишган. Ҳозирги пайтда улар Афғонистондаги вазиятни тезлик билан назорат қилишга эришишса, наркотрафик савдоси камаяр. Лекин Панжшерга ўхшаган «Толибон»га қарши чиқаётган кучлар сони кўпайса ва можаро давом эта бошласа, беқарор вазият наркотрафик савдоси билан шуғулланаётган гуруҳларга яхши имконият яратиб беради. Ҳукумат ва назорат бўлмаган жойда наркотрафик моддаларни етиштириш ва транзит қилиш осонлашади.
Шунингдек, бу ноаниқлик бизнинг Афғонистон билан бўладиган савдо алоқаларимизни ҳам чеклаб қўймоқда. Сўнгги йилларда Афғонистон Ўзбекистон учун жуда муҳим савдо ҳамкорларидан бирига айланганди. Бу савдо алоқаларининг 90 фоизидан ортиғини бизнинг экспорт маҳсулотлар ташкил қилган. Бунча миқдордаги товарлар ва хизматлар учун янги бозорни топиш биз учун ҳам қийин бўлади.
Достон Аҳроров суҳбатлашди
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024