Ўзбекистон | 18:50 / 24.08.2021
101098
3 дақиқада ўқилади

«Бир бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди» - Президент Зоминдаги ўрмон ёнғини ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев экология муаммоларига бағишланган видеоселекторда Зомин тоғларида рўй берган ўрмон ёнғинлари бўйича ҳам тўхталди.

«Экология бизнинг ҳаёт-мамотимиз. Ҳар бир вилоят ҳокими шахсан келиб, бош вазирга келиб тақдимот қилади. Мен ўзим қишлоққа бориб қаттиқ ўйга толаман, Зоминда ёнғин бўлди, бир бойваччанинг ўғли шу ишни қилибди. Ҳозир прокуратура шуғулланяпти, чорасини кўрамиз.

Бўстонлиқдаги аҳвол ҳам яхши эмас, ҳаммаёқ чанг-тўзон. Бу масалани бевосита бош вазиримизга топширганим бежиз эмас», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтиради Kun.uz мухбири.

Вилоят ҳокимларига йил якунига қадар аҳоли массивларида 855 гектар майдонга эга «яшил майдон» ҳамда 585 гектар майдонда «жамоат парклари» ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Тошкент вилояти – 275 гектар, Самарқанд –155 гектар, Сурхондарё – 140 гектар, Жиззах – 130 гектар, Андижон – 125 гектар, Фарғона – 108 гектар, Хоразм – 80 гектар, Қорақалпоғистон – 68 гектар, Навоий ва Қашқадарё – 63 гектардан, Бухоро – 56 гектар, Сирдарё ва Наманган – 50 гектардан. Бунда, ушбу ҳудудлар ер ва мол-мулк солиғидан тўлиқ озод қилинади.

«Ҳар бир маҳаллада, дарахтларнинг эгаси, уни парваришлаш учун масъуллар бўлиши шарт. Афсуски, бизда бундай тизим йўқ. Йил якунига қадар дарахтларни бино ва иншоотлар мулкдорларига бириктириш ва кадастр паспортини тақдим этиш тизими жорий этилсин», деган давлат раҳбари.

Йиғилишда дарахтларни кесишга мораторий 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши ҳақида маълум қилинган.

  • Эслатиб ўтамиз, август ойи бошида Жиззах вилоятининг Зомин тумани тоғларида ўрмон ёнғини рўй берган, ёнғинни ўчириш учун юзлаб ходимлар жалб этилган, олов ўнлаб гектар майдонга зарар етказганди. Ёнғин келиб чиқиш сабаби бўйича расмий маълумот берилмаган.
  • Kun.uz бу масалада суриштирув ўтказган, сайт манбаси ёнғин Жиззах вилояти ҳокимининг ўғли ёки Зомин тумани ҳокимининг укасининг номида бўлган дала ҳовлида олиб борилаётган қурилиш (пайвандлаш ишлари) вақтида келиб чиққанини айтганди.

Мавзуга оид