Ўзбекистон | 16:49 / 24.08.2021
22580
4 дақиқада ўқилади

Президент ҳудудларда дарахтлар пала-партиш экилаётгани ва қуриб қолаётганини қаттиқ танқид қилди 

Президент экологияни яхшилаш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди.

Фото: Экологик партия

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселекторда октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 70 миллион дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек, тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри туманлари, вилоят марказлари ва йирик шаҳарларда дарахтлар ва экинлар маҳаллий иқлимни инобатга олмасдан, пала-партиш экилаётгани боис кундан кунга қуриб бораётгани, туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйгани, шаҳар кўчалари чиқиндига тўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқлигини қаттиқ танқид қилди.

«Туман ҳокимлари ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ўз ҳолига ташлаб қўйган, шаҳар кўчалари чиқиндига тўлиб кетгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қани туман ҳокими, қани сектор раҳбари?» дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилиши белгиланди.

Туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимларига ажратилаётган 10 мингта штат доирасида ҳар бир туман (шаҳар) ҳудудидан келиб чиқиб 5та ишчидан иборат дарахтларни сақлаш бўйича гуруҳлар ташкил этилади.

Президент экологияни яхшилаш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди:

  • 1,3 минг километр магистрал йўллар бўйларида, ҳудудларнинг иқлимидан келиб чиқиб, сентябрь-декабрь ойларида 480 минг дона ҳамда келгуси йил баҳор ойларида 330 минг дона чинор, эман, жийда терак ва бошқа дарахт кўчатларини экиш;
  • йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 миллион туп мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш;
  • аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик объектлари ҳудуди ва уларнинг ён атрофида 42 миллион дона тут, ёнғоқ, жийда каби дарахтлар экиш;
  • дала майдонлари атрофи ҳамда каналлар бўйида 53 миллион дона тут, жийда, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш;
  • ўрмон хўжаликлари ҳудудларида 3 миллион дона тут кўчати экиш;
  • Мудофаа вазирлиги тасаруфидаги муассасаларда, шу жумладан Чорвоқ сув омбори ҳамда  Красногорск шаҳарчаси атрофидаги ўрмон ҳудудларида 500 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатларини экиш;
  • икки ой муддатда шаҳарлар ва туманлар марказларидаги 4,5 минг километр ички ирригация тармоқлари фаолиятини тиклаш.

Давлат раҳбари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, ушбу ҳудуд учун мос бўлган дарахт кўчатларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мисол учун, Андижон, Пахтабод ва Марҳамат туманларида 30дан зиёд павловния етиштирувчи хўжаликлар ташкил этилган ва ҳозирда улар 5 миллион дона кўчатлар экишга тайёр. 

Бундай хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамда аҳолини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда «Яшил замин» жамғармалари ташкил этилади.

Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида «Яшил замин» жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 5 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди.

Мавзуга оид