Жаҳон | 15:32 / 25.08.2021
9564
2 дақиқада ўқилади

Амрулла Солиҳ Афғонистон ҳукуматининг таназзулга учрашида АҚШни айблади

Солиҳнинг сўзларига кўра, ўтган икки йил давомида Афғонистон ҳукумати АҚШ томонидан кучли босимга дуч келган.

Афғонистон собиқ вице-президенти Амрулла Солиҳ Афғонистон ҳукуматининг таназзулга учрашида АҚШни айблади. У бу ҳақда CNN-News18 телеканалига берган интервьюсида айтди.

«Толиблар ҳеч қачон босимга учрамаган. Улар Покистондан қўллаб-қувватлов базаси сифатида фойдаланди. АҚШ толибларни сотиб олиш учун Покистон билан ҳамкорликни кучайтирди. Улар қанча кўп пул бергани сари покистонликлар толибларга шунча кўп ёрдам берди», — деди Солиҳ.

Унинг фикрича, Қатар пойтахти Дўҳадаги музокараларда «сўзида турмаган толиблар қонунийлаштирилди». 

Солиҳнинг сўзларига кўра, ўтган икки йил давомида Афғонистон ҳукумати АҚШ томонидан кучли босимга дуч келган.

«Улар бизни шантаж қилди ва ёки маҳбус толибларни озод қиласизлар ёки сизларга бериладиган ёрдамни қисқартирамиз дейишди», — деди у.

15 август куни «Толибон» Афғонистонда ҳукуматни эгаллади. Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди. Вице-президент Амрулла Солиҳ ўзини мамлакат президенти деб эълон қилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид